Монополияга қарши курашиш қўмитаси автомобилларга нархни кўтаргани учун UzAuto Motors компаниясига қарши иш қўзғади

Uzautomotors.com сайти фотосурати

Ўзбекистон Монополияга қарши курашиш қўмитаси автомобилларга нархни кўтаргани учун UzAuto Motors компаниясига қарши иш қўзғади. Бу ҳақда қўмита сайти маълум қилмоқда.

Хабарда айтилишича, қўмита ишлаб чиқарилаётган енгил автомобиллар таннархи шаклланиши ва нарх қўлланилиши асослилиги юзасидан ваколат доирасида текшириш ўтказиб, «Рақобат тўғрисида» Қонунининг тегишли моддаси талаблари бузилиши аломатлари аниқлаган. Очилган иш бўйича Монополияга қарши курашиш қўмитасининг махсус комиссияси шуғулланадиган бўлди.

Текширув, дея қайд этади қўмитадагилар, ҳукумат топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида ҳамда фуқаролардан ёзма ва оммавий ахборот воситалари орқали келиб тушаётган мурожаатларни инобатга олган ҳолда ўтказилган.

Олдинроқ Олий Мажлиснинг бир неча депутатлари Монополияга қарши курашиш қўмитасига депутатлик сўровини юбориб, «UZAUTOMOTORS» компаниясининг фаолиятини ҳамда «Рақобат тўғрисида» Қонунига риоя қилинишини текшириб чиқишини сўраган эдилар. Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев ўзининг Telegram-каналида маълум қилишича, депутатлар сўровномасида ишлаб чиқарилаётган автомобиллар нархини аҳолининг ҳарид қобилиятига мослаштириш бўйича қўмитанинг нуқтаи назарини баён этиш талаби қўйилган.

Кушербаевнинг таъкидлашича, компания коронавирус пандемияси даврида тез ёрдам автомобилларини оширилган нархларда сотяпти, ҳолбуки «ўз халқи учун» бу машиналарни чегирма билан ёки умуман бепул берса ҳам бўларди.

Компаниядагилар бунга жавобан депутатни популизмда айбладилар, ўзларининг хайрия йўналишидаги фаолиятига эътибор қаратдилар ҳамда хайрия ёрдамини чеклашни бекор қилувчи қонунни ишлаб чиқаришни маслаҳат бердилар.

Монополияга қарши кураш қўмитасининг нарх шаклланишини текширувчи ишчи гуруҳи UzAuto Motors ўз маҳсулотларига нархни 15 фоизга кўтарганидан кейин, баҳорда тузилган эди. Қўмитадагилар ўшанда UzAuto Motors 2018 йилдан бери ўз маҳсулотига ўз ихтиёрича нарх белгилай бошлаганига эътибор қаратганди.

Қўмита, шунингдек, компаниянинг нархларни кўтарилиши ишлаб чиқарилаётган автомобилларнинг таннархи кўтарилиб кетиши билан боғлаётгани ҳамда 2017 йилдан бери нархларни ўзгартирмай келгани тўғрисидаги ахборотни ҳам ўрганиб чиқиб, ушбу нарх кўтарилишининг иқтисодий асосларини ўрганиб чиқишга киришмоқчи.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам ўшанда автомобиль саноати раҳбариятининг автомобилларга нархларни кўтариш бўйича қарорини танқид қилиб, ҳозирги шароитда умуман нотўғри деб атаганди.