Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Асқаровнинг она юрти — Ўзбекистонда дафн этилишига розилик берди

Азимжон Асқаров автопортрети билан . Amnesty.org сайтидан архив фотосурат

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги қамоқда вафот этган ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг она юрти — Ўзбекистонда дафн этилишига розилигини билдирди. Бу ҳақда 30 июль куни 24.Kg нашри хабар беради.

«Азимжон Асқаров оиласи мурожаати юзасидан ўзбек томони билан консультация олиб борилди ва натижада марҳум қариндошлари илтимосини қондиришга келишилди. Бу жараён тўлиқ санитария-эпидемиология нормаларига риоя қилинган ҳолда амалга оширилади», — деди ТИВ матбуот котиби Улан Дийканбаев. Марҳум жасади қачон олиб кетилиши айтилмаган.

Асқаров 25 июль куни №47 колониясида вафот этди. Жасадни ёриб кўриш текшируви марҳумнинг иккитомонлама тўлиқ пневмония касаллаллигига дуч келганини аниқлади. Асқаров ва бошқа махбуслар COVID-19 тестида ўтказилмаган ва қамоқхона маъмурияти буни лозим деб ҳам билмаган. Бироқ, Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирлиги анчадан бери пневмониядан ўлган одамларни коронавирус рўйхатига қўшмоқда. Ёзги фаслга мансуб бўлмаган пневмония тарқалишини медиклар COVID-19 билан боғламоқдалар.

Асқаров 2010 йил Қирғизистон жанубида бўлиб ўтган миллий низолардан сўнг бир умрлик қамоқ жазосига маҳкум этилган. Тергов версиясига кўра, у одамларни оммавий бетартибликлар ва милиционерни ўлдиришга чақирган. Қирғизистонда суд қарорини бекор қилишга доир барча апелляция ишлари бекор қилинди, бироқ БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси бу ишларни Асқаровни таъқиб қилиниши , деб қабул қилди. Қирғизистон ҳукумати БМТ қўмитасининг ҳуқуқ ҳимоячисини озод қилиш тўғрисидаги қарорини бажармади.

Европа Иттифоқи, Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро федерацияси ҳузуридаги Ҳуқуқ ҳимоячиларини ҳимоя қилиш обсерваторияси ва Халқаро қийноқларга қарши курашиш федерацияси Азимжон Асқаров ўлими тавсилотларини текшириш зарурлигини ёқлаб чиқди. Ҳуқуқ ҳимоячилари Асқаров ҳаёти хавф остида қолган пайтида ҳам озод этилмагани ҳолатида Қирғизистон ҳукумати ҳаракатида суддан ташқари ўч олиш аломати борлигини кўрадилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ