Бишкекнинг №1 шаҳар клиник шифохонаси бош врачи Жусуп Бошкоев ўз лавозимидан четлатилди, деб хабар беради 24.kg. Бундай қарор Соғлиқни сақлаш вазирлигига ушбу касалхонада койка-ўринлар пулланаётгани борасида тушган аризалардан кейин қабул қилинди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили Айнара Акматова аризаларда кўрсатилган маълумотлар тасдиқланадиган бўлса, у ҳолда касалхона раҳбарияти ишдан кетишини ваъда қилган.
Мазкур касалхонага доир жанжаллар 6 июлда жарроҳ Доолот Ибрагимовнинг видеомурожаатидан сўнг бошланди. У муассаса бош врачи Жусуп Бошкоевнинг таниш-билишлари учун ўринларни банд қилаётганини маълум қилган. Шунингдек, Ибрагимов терапия бўлими орқали ўтиладиган бошқа бинода Бошкоевга қарашли хусусий клиника фаолият юритишини, унга доимо одамлар келиб туришини ва бу билан обсервация қоидалари бузилаётганини айтган. Ибрагимов ҳимоя воситалари йўқлиги сабаб шифокорларнинг вирусга чалинаётганини ҳам маълум қилган.
Бошкоев жарроҳнинг айбини инкор қилади. «Мен у билан судлашган бўлардим, лекин ҳозир бунга вақт йўқ», — деган Бошкоев. 9 июль куни шаҳар килиникасига ниқоб ва антибиотикларни топширган кўнгиллилар ушбу воситалар муассасада тақсимланмаганини ошкор қилганлар.
Бу пайтга келиб Бишкекда еттита станицонар консервация қилинган (фаолияти тўхтатилган). Шаҳар ҳокимлиги билдиришича, «шаҳарликлар тузала бошлаганлар ва айрим стационарларда беморлар кам ёки мутлоқ йўқ». Бир ой ичида кундузги стационарларда 84 минг 689 нафар одам даволанган, тунги стационарлар 8 минг 688 та беморни қабул қилган.
5 август маълумотларига кўра, Қирғизистонда коронавирусга чалинганликнинг 38 110 та ҳолати қайд этилган, инфекциядан 1438 нафар одам ўлган.