Қозоғистон бир миллион COVID-19 беморлари учун дори воситаларини сотиб олишга қарор қилди

Нур-Султондаги дорихона . Astana.gov.kz сайти фотосурати

Қозоғистонда коронавирусга чалинган беморлар сонидан ўн баробар кўп миқдорда дори воситаларини сотиб олишга қарор қилинди. Бу ҳақда Марказий коммуникациялар хизматининг онлайн-брифингида «СК-Фармация» ягона дори воситалари дистрибьютери бошқаруви раиси Ерхат Искалиев таъкидлади, деб хабар беради «Фарғона» мухбири.

«Соғлиқни сақлаш вазирлиги COVID-19 беморларини даволашда амбулатория даражасида қўлланилаётган бешта препаратни маъқуллади. Бу шамоллашга қарши «Парацетамол» ва «Ибупрофен» препаратлари, «Ривароксабан», «Апиксабан» ва «Дабигатран» антигулянтларидир. Ҳозирда харид жараёни тугаяпти ва 10 августга қадар уларни тарқата бошлаймиз. Дори воситалари 8,6 млрд тенге ($20,6 млн) эвазига сотиб олинди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги прогнозига кўра, бу воситалар 1 миллионта беморга етади», — деган Искалиев.

У шу кунларда барқарорлик фонди учун 50 хил талабгир дорилар 24 млрд тенге ($57,5 млн) эвазига тезликда сотиб олинаётганини қўшимча қилди. Шундай қилиб, бир ойга мўлжалланган 100 мингта бемор учун икки ойга етадиган дори воситалари захираси яратилмоқда.

Қозоғистонда COVID-19 беморлари учун дори воситаларини жамғариш масаласи июнь ойида кун тартибига қўйилди, зеро мамлакат бўйича ушбу препаратларга эҳтиёж кучайганди. «Фарғона» мухбирининг ўша пайтлари йўл қўйилган хатоликларга оид саволига «СК-Фармация» бошлиғи «шамоллаш ва бактерияларга қарши дори воситаларига бўлган талаб кескин кучайганидан сўнг» режалаштиришдаги нуқсонлар юзага чиққани таъкидлади.

«Бизлар бошқача йўл тутдик. Барча резервларни сарфлашга қарор қилдик. Борини тарқатгандан сўнг , четдан дори воситаларини сотиб олиш эвазига захира яратадиган бўлдик. Шундай қилиб ўн кунлик вақтни ютдик ва бир ойлик захирани яратолдик», — деди раҳбар.

Ўз навбати брифингда иштирок этган Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Людмила Бюрабекова касалхоналардаги дорилар танқислигига нисбатан фикр билдирди. «Бизлар Қизилўрда, Мангистау ва Атирау областларига сафар қилдик. У ерлардаги тиббиёт муассасаларида дорилар нотуғри тақсимланганини аниқладик, яъни битта шифоханага керагидан ортиғи билан дори воситалари берилган бўлса, провизор ва инфекция стационарларида ушбу дорилар дефицити бўлган. Ҳудудларда ҳеч ким таҳлил ўтказмаган, препаратларни қайта тақсимламаган. Ҳозирда ортиб қолган дори воситалари ва уларнинг жойларда тақсимланишини таҳлил қиляпмиз. Расмий қайд этилган касаллар, жумладан пневмонияга учраганлар сони сотиб олинган, ягона дистрибьютер томонидан йўлланган дори-дармонларга нисбатан кам бўлгани аниқ бўлди», — деди у.

Расмий маълумотларга кўра,ҳозирги пайтда Қозоғистонда коронавирусга чалинганларнинг сони 96 922 нафар одамга етган, 11 мингта COVID-19 аломатига эга пневмония беморлари аниқланган. Икки касалликдан ўлганлар сони 1178 та одамни ташкил этади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ