Ўзбекистон ТИВ Агнешка Пикулицка аккредитациясини узайтиришдан бош тортди

Агнешка Пикулицка. fb.com/apikulicka фотосурати

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Агнешка Пикулицка (Agnieszka Pikulicka) аккредитациясини узайтиришдан бош тортди, деб хабар беради ташкилот матбуот котиби Юсуп Қабулжанов. У журналист томонидан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилигининг бузилиши ҳолатлари қайд этилганлиги сабабли» шундай қарорга келинганини таъкидлаган.

Пикулицканинг ўзи эса Twitter саҳифасида ТИВнинг бундай қарорга келганини журналистни «жим бўлишига уриниш» экани ва бу ҳолат Ўзбекистонда «ҳеч нарса ўзгармагани»дан далолат беришини айтади. «Журналист сифатида менга бундай инкор ҳеч нарсани англатмайди. Зеро, аккредитация олганимдан бери Ўзбекистон Ташки ишлар вазирлиги менга бирорта мулозим билан интервью қилишимга ёрдам бермади, гарчи бу уларнинг вазифаси бўлса-да», — дея қўшимча қилади у.

Жорий йилнинг апрель ойида республика ИИВ Пикулицкани блогер Миразиз Базаров калтаклангани ҳолати билан боғлиқ воқеаларни нообъектив ёритганликда айблаган. Бунга польшалик журналистнинг махсус хизматлар томонидан Тошкентда ЛГБТ-жамоаси вакилларини аниқлашга уринишлар кучайтирилгани, Базаровни касалхонага кўргани келган одамларнинг сўроқ қилинаётгани билан боғлиқ твитлари сабаб бўлганди.

Ички ишлар вазирлиги Агнешка Пикулицка томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг 6-моддаси, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонунининг 7- моддаси ҳамда «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддаси талаблари бузилганини таъкидлайди. Пикулицка эса бундай айблов уни обрўсизлантиришга қаратилгани, агар у ҳақиқатан қонунни бузган бўлса, у ҳолда суд муҳокамаси ўтказилиши кераклигини талаб қилди.

Агнешка Пикулицка кейинги бир неча йил давомида собиқ совет республикалари, Жанубий Осиё ва Яқин Шарқдаги сиёсий ва ижтимоий мавзуларни ёритиб келади. Унинг мақолалари Al Jazeera English, The Guardian, Eurasianet, The Diplomat ва бошқа инглиз ва польша тилларидаги ОАВда чоп этилади. Foreign Policy нашрида журналистнинг блогер Миразиз Базаров калтакланишига доир материали чоп этилганди.

Пикулицка Ўзбекистонда Al Jazeera (Қатар) телеканали мухбири сифатида аккредитациядан ўтган. Жорий йилнинг февраль ойида журналист аёл ТИВ ходимининг унга нисбатан тегажоғлик қилаётганидан арз қилганди. Ўз мақсадига эришолмаган йигит журналистга босим ўтказиб, ундан Ўзбекистон тўғрисида ижобий мақолалар ёзишни талаб қилади. Булардан бош тортган Пикулицка аккредитациядан ўтказилмайди.

Бу воқеа катта шов-шувга сабаб бўлди ва натижада Ташқи ишлар вазирлиги Пикулицкадан узр сўраб, айбдор ходим ишдан четлатилганини маълум қилди ва журналистга аккредитация берилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ