Толиблар афғон-ўзбек чегарасидаги аҳоли пунктини босиб олдилар

Twitter @NazFarhah фотосурати

«Толибон» радикал ҳаракати (РФда тақиқланган ташкилот) жангарилари Ўзбекистон билан чегарадош Бахл провинциясининг Калдар аҳоли пунктини босиб олди. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб TOLOnews ва Ariana News телеканаллари хабар беради.

Twitter ижтимоий тармоғида ҳам толибларнинг Калдардаги давлат идораси олдида тушган сурати пайдо бўлган.

Кейинги кунларда бу ерда афғон армияси, ҳукуматга ён босган кучлар ва толиблар ўртасида кескин жанглар бўлиб ўтди. Ҳукумат қўшинларини Балхнинг собиқ губернатори, Афғонистондаги тожиклар жамиятининг етакчиларидан бири Атта Муҳаммад Нур шахсан бошқарди. Бундан бир кун олдин Афғонистоннинг Ariana News телеканали Нурнинг ўз аскарлари билан Калдарда туриб, бу ердаги вазиятга доир изоҳларини эфирга берганди. Шуниси қизикки, Нур ва ҳукумат қўшинлари ҳам айнан шу бино олида тасвирга тушгандилар.

Балх провинциясида афғон-ўзбек чегарасининг «Ҳайратон» чегара пункти жойлашган. Мазкур чегара йўли жангарилар томонидан босиб олинганми-йўқми, бу ҳозирча номаълум. 21 июнь куни «Толибон» тожик-афғон чегарадаги «Шерхон-Бандар» чегара пунктини босиб олганди. У ҳануз радикал ҳаракат назорати остида қолмоқда.

Абдул Рашид Дўстум

Афғонистонда толиблар борган сари янги туман, қишлоқларни босиб олаётган бир даврда ўзбек жамиятининг етакчиси, маршал Абдул Рашид Дўстумнинг бирдан «ғойиб бўлгани» айрим кузатувчиларни ўйлантириб қўйди. Бундан аввал «Спутник-Таджикистан» нашри маршалнинг толиблар билан жангда яраланганини ёзганди. Шу сабаб, Дўстум вертолётда дастлаб Ўзбекистонга олиб келинган, сўнг Туркияга даволанишга жўнатилган. Мамлакат шимолидаги ўзбеклар кўп яшайдиган провинцияларда дарҳақиқат Дўстимнинг обрўси жуда баланд ва кейинги кунларда бу ерларда кескин жанглар кечмоқда. Масалан, толиблар афғон маршалининг туғилган юрти Жузжон провинциясининг маъмурий маркази Шиберғон шаҳрига яқинлашиб қолганлар.

Афғонистоннинг «Пажвак» ахборот агентлиги ушбу хабарни рад этиб, Дўстумнинг Туркияга расмий ташриф билан боргани ва у ерда режадаги тиббий кўрикдан ўтишини маълум қилади. Маршал қанд диабети хасталиги туфайли Туркияга бир йилда бир неча бор кўрикдан ўтишга бориб туради.

Шунингдек, ахборот агентлиги Дўстумнинг турк ҳукуматидан толибларга қарши кураш учун ҳарбий техникаларни олгандан сўнг ватанга қайтишига оид миш-мишларга ҳам барҳам беради.

Маршалнинг вакили Эҳсон Неро ўзбек жамиятининг бундай ёрдам билан Истанбулга мурожаат қилмаганини айтади. «[Турган гап] бизлар [ҳарбий техникаларни юборишни]илтимос қилсак, албатта Туркия ёрдам қўлини чўзади», – дейди Неро. Ҳозирги пайтда маршал Дўстумнинг хорижда экани маълум. Афғонистон ҳукумати қўшинлари учун мамлакат шимолидаги вазият тоборо кескинлашиб бормоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди

  • Ўзбекистондаги сиёсий партиялар парламент сайловларида илгари сураётган дастурларини тақдим этди