Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг синглиси коронавирусдан вафот этди

pixabay.com сайти фотосурати

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг синглиси, 64 ёшли Қурбонби Раҳмонова 20 июль куни ҳаётдан кўз юмди, деб хабар беради давлат раҳбарининг матбуот хизмати. «Азия-Плюс» нашрининг Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги манбасига кўра, Қурбонби Раҳмонова пойтахтдаги №5 клиник шифохонада коронавирусдан даволанаётган бўлган.

Аёл 21 июль куни ўзи туғилиб ўсган Данғара туманида дафн этилади. Шу муносабат билан Тожикистон ҳукумати президент ва унинг яқинларига ҳамдардлик билдирди.

Нашрнинг ҳукуматдаги манбаси берган маълумотга кўра, Қурбонби Раҳмонова «Ўрмон ва ов хўжалиги» ДУКнинг собиқ директори, 2012 йили ўлдириб кетилган Холмўмин Сафаровнинг рафиқаси бўлган.

Республика COVID-19 га қарши кўраш штаби 21 июнда Тожикистонда коронавируснинг иккинчи тўлқини бошланганини эълон қилган. Унгача олти ой давомида мамлакатда одамларнинг инфекцияга чалиниши қайд этилмаган. Ҳозирда ССВ ҳар куни ўнлаб одамнинг ковидга чалинаётгани, кунига 1-2 та одам вафот этаётганини эълон қилмоқда. Масалан, ўтган кун Тожикистонда 51 нафар одамда коронавирус аниқланган, 2 та одам ўлган. Бироқ, «Азия-Плюс» аввали хабар берганидек, норасмий маълумотларга биноан мазкур касалликка чалинган ва ўлганларнинг сони минглаб одамларни ташкил этади.

5 июль куни Тожикистон президентининг қайнонаси Ўзбекби Асадуллоева 88 ёшида коронавирус оқибатидан вафот этгани хабар қилинган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ