Ўзбекистонда жиноий жавобгарликка тортиш ёши ўн уч ёшдан ўн тўрт ёшга кўтарилади. Жиноят кодексига ўзгартириш киритишга доир ушбу мазмундаги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасида кўриб чиқилмоқда, деб хабар беради Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ўзининг Telegram-каналида.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 августдаги «Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги
Фармонига мувофиқ қонунга ўзгартиришлар киритилмоқда.
«Ҳориж мамлакатлар, хусусан Германия, Италия, Испания, Япония ва МДҲ мамлакатлари жиноят қонунчилигида жиноий жавобгарликка тортишнинг энг кичик ёши сифатида ўн тўрт ҳисобланади. Айтиш керакки, мазкур ўзгаришлар инсонпарварлик йўлидаги яна бир қадам, дейиш мумкин», — деб ёзади Кушербаев.
Ўзбекистонда аксари жиноятлар учун инсон 16 ёшдан жавобгарликка тортилади. Жиноят содир этгунга қадар ўн уч ёшга тўлган шахслар жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда жавобгарликка тортиладилар. Оғир тан жароҳатлари етказган, қасддан одам ўлдирган, бировни зўрлаган, одам ўғирлаган, тажовузлик қилган, ўғирлик қилган ва бошқа жиноятларни содир этган ўсмирлар 14 ёшдан жиноий жавобгарликка тортиладилар.
Болағат ёшига етмаган, 13 дан 16 ёшгача бўлган ўсмирлар содир этган жиноятлари учун энг кўпи 10 йилгача озодликдан маҳрум этиладилар, бордию улар томонидан содир этилган жиноятлардан бири ўта оғир саналса, у ҳолда 12 йилгача кесилиши мумкин.