БМТ толиблар даврида суд ҳукмисиз қатл қилинган одамлар сонини маълум қилди

Нада ал Нашиф. БМТ сайти фотосурати

«Толибон» радикал ҳаракати Афғонистонда ҳукуматни эгаллаганидан сўнг, гарчи у томонидан авф эълон қилинган бўлсада, собиқ ҳукумат билан алоқада бўлган ва ҳарбийлардан иборат юздан ортиқ инсон суд ҳукмисиз қатл қилинган. Бу ҳақда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари ўринбосари Нада ал Нашиф (Nada Al-Nashif) маълум қилди, деб хабар беради ташкилот матбуот хизмати.

Нашифга кўра, гап «ишончли гувоҳлик»ка асосланган қотилликлар тўғрисида бормоқда.

72 ҳолатда «Толибон» жангарилари собиқ ҳукумат билан алоқада бўлган шахсларни ва собиқ армия ҳарбийларини қатл қилганлар ва омма олдида уларнинг жасадларини осиб қўйганлар.

Бундан ташқари, ал Нашиф сўзларига кўра, толиблар Афғонистон фуқаролари ва радикал ҳаракатга қарши ҳужумлар уюштираётган ИШИД-Хуросон* террорчилик гуруҳи билан алоқадорликда гумонланган шахсларни ҳам суд ҳукмисиз қатл қилмоқдалар.

«Биргина Нангархар вилоятида ИШИД-Хуросонга алоқадорликда айбланиб 50 нафар одам қатл қилинган. Осиб ўлдириш, каллани танадан жудо қилиш ва мурдани «эл кўрсин учу»н осиб қўйиш усуллари қўлланилаётгани тўғрисида маълумотлар мавжуд», — дейди ал Нашиф.

30 ноябрда чоп этилган Human Rights Watch ҳуқуқ ҳимояси ташкилотининг маърузасида толиблар ҳукуматни эгаллаганидан сўнг 100дан ортиқ собиқ полиция офицерлари ва хавфсизлик органи ходимларини ўлдирганлари келтирилади. Ташкилот 15 августдан 31 окттябрга қадар Ғазна, Гилменд, Қандаҳор ва Қундуз вилоятларида юз берган қотилликлар юзасидан ишончли маълумотларни йиққан.

Энг ажабланарлиси шуки, толиблар ҳукуматни қўлга киритганларида матбуот анжумани ўтказиб, унда қулаган ҳукумат билан алоқада бўлган шахслар авф этилишини эълон қилганлар. Бундан ташқари, «Толибон» вакиллари афғон пойтахтини эгаллаш пайтида қуролли қаршилик кўрсатмаган ҳукуматга тегишли барча шахслар авф этилишини таъкидлаган.

Ҳар куни ижтимоий тармоқларда толибларнинг собиқ ҳукумат вакилларидан, шунингдек чет эл қуролли кучлари билан ҳамкорлик қилган одамлардан вахшийларча қасд олаётганлари тўғрисида хабарлар тарқалмоқда.

7 декабрь куни The Guardian газетаси Буюк Британия Ташки ишлар вазирлигидаги «бюрократик хаос» туфайли август ойида британия қўшинлари билан ҳамкорлик қилган ўн минглаб афғонларни эвакуация қилиш амалга ошмаганини ёзган. Қобулда одамларни кўчириш операциясида иштирок этган британия дипломатига кўра, вақтида олиб кетилмаган афғонларнинг «толиблар қўлида ўлиш топиши» муқаррар.

*РФ ва кўпгина мамлакатларда террорчи деб тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ