БМТ ва толиблар Афғонистон шимолида аёлларни ишга ёллай бошлади

Ariana News сайти фотосурати

БМТ Тараққиёт дастури «Толибон» * радикал ҳаракати томонидан тузилган Балх вилояти маъмурияти билан биргаликда маҳаллий аёлларни фаррошлик ишларига ёллай бошлади. Ariana News телеканалининг аниқлик киритишича, 200 нафар аёл иш билан таъминланган.

Вилоят расмийларига кўра, фаррош аёллар кунига 500 афғони (тахминан 5 доллар) маош оладилар ва Балх маъмурий маркази Мозори Шарифнинг 12 туманида ишлайдилар.

Вилоят ҳокими Қудратуллоҳ Тариқ (Qudratullah Tariq) хотин-қизлар учун иш ўринларини ташкил этиш ташаббуси БМТга тегишли экани, вилоят ҳокимлиги эса уни қўллаб-қувватлашга рози бўлганини маълум қилди.

БМТ ташаббуси, асосан, оилада ягона боқувчи бўлган ва ишсиз қолган аёлларни вақтинча иш билан таъминлашга қаратилган. Дастур доирасида Мозори Шарифдаги 600 нафар аёл 5,4 минг иш куни учун маош олиши кутилмоқда.

Таъкидлаш жоиз, Афғонистонда Толибон ҳокимиятни қўлга киритгач, кўплаб аёллар ишсиз қолдилар. Афғон аёллари ҳуқуқларини поймол қилмаслик ваъдаларига қарамай, радикаллар турли соҳаларда афғон аёлларига нисбатан чекловлар келтириб чиқарадиган чора-тадбирларни изчил амалга оширмоқдалар. Ҳозирга қадар соғлиқни сақлаш соҳасида ишлайдиган аёллар энг кам зарар кўрган ҳисобланади. Шу билан бирга, Толибон чекловлари туфайли афғон аёллари спорт, таълим ва оммавий ахборот воситаларида ишлаш имкониятини деярли йўқотдилар. Шундай қилиб, август ойи бошида Афғонистон оммавий ахборот воситаларида ишлаган 2490 нафар аёлдан атиги 410 нафари ҳозирда ишламоқда.

Афғонистонда кундан-кунга кучайиб бораётган гуманитар инқироз шароитида аёлларнинг ишсиз қолиши кўплаб оилаларни оғир аҳволга солиб қўймоқда – катталар ва болаларнинг озиқ-овқат сотиб олишга ҳеч нарсаси йўқ.

Декабр ойи бошида ЮНИCEФ (БМТ Болалар фонди) жаҳон ҳамжамиятини оғир аҳволда қолган 24 миллиондан ортиқ афғоннинг гуманитар эҳтиёжлари учун зудлик билан 2 миллиард доллар ажратишга чақирди. Ташкилотга кўра, Афғонистонда муҳтожлик комига тушганларнинг ярми болалардир. ЮНИCEФ мамлакатда озиқ-овқат инқирози кузатилаётгани, болаларда қизамиқ, ўткир диарея, полиомиелит ва бошқа касалликлар авж олаётганини таъкидлайди. Буларнинг барчаси қиш фасли арафасида содир бўлди.

Шунга қарамасдан, толиблар Афғонистонда миллионлаб маҳаллий аҳоли учун зарур озиқ-овқат тақчиллиги юзага келганини инкор қиладилар. Бироқ, радикал ҳаракат вакиллари қатор давлат ва халқаро ташкилотлардан муҳтож афғонлар ўртасида тарқатиш учун инсонпарварлик ёрдамларини мунтазам равишда олиб турибдилар.

Мисол учун, 18 декабр куни ҳарбий-транспорт самолётлари орқали Россиядан Кобулга 36 тонна гуманитар юк етказиб берилган. Бу Толибон ҳокимиятни қўлга киритганидан сўнг Россия томонидан тўртинчи бор гуманитар кўмак берилишидир.

*РФ ва кўпгина мамлакатларда террорчи деб тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ