Бишкекда Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт жамғармаси ташкил этилди

Оқилбек Жапаров Ўзбекистон Қирғизистон тараққиёт жамғармаси очилиш маросимида нутқ сўзламоқда. ҚР Вазирлар махҳкамаси матбуот хизмати фотосурати

Бишкекда Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт жамғармасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Оқилбек Жапаров ва Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов иштирок этди, деб хабар беради Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати.

«Ишончим комилки, Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт жамғармаси ўзаро манфаатли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун самарали платформага айланади, тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшади, шунингдек, янги қўшма корхоналар очилишига ҳисса қўшади», — деди Оқилбек Жапаров.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон Қирғизистоннинг асосий савдо-иқтисодий шерикларидан бири бўлиб, у «савдо ҳажмини ошириш бўйича қатъий чоралар кўриш» ниятида.

«Бугунги кунда Қирғизистон-Ўзбекистон чегараси яқинида логистика марказларини қуриш бўйича лойиҳалар фаол амалга оширилмоқда. Қизил-Қия шаҳрида Фарғона ва Боткен вилоятларини боғловчи савдо-логистика марказини қуриш ва ишга туширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ишончим комилки, ушбу савдо-логистика марказининг ишга туширилиши мамлакатларимиз ўртасидаги экспорт-импорт операцияларини ривожлантиришга кучли туртки беради», — деди Қирғизистон бош вазири.

Унинг сўзларига кўра, Қизил-Қия шаҳрини Хитой билан чегарадаги «Иркертам» ўтказиш пункти билан боғловчи автомобиль йўлининг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш аллақачон бошланган.

«У ерда логистика марказини қуриш режалаштирилган. Шундай қилиб, Қирғизистон Ўзбекистон ва Хитой ўртасида транзит кўприк вазифасини ўташга тайёр. Бундай истиқболли инфратузилма лойиҳалари қулай шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан устувор йўналиш сифатида кўрилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистонга цемент, кўмир, картошка, гўшт, сут ва сут маҳсулотлари етказиб беришни таъминлаш ва кўпайтиришга тайёрмиз”, – деди Оқилбек Жапаров.

Жапаровнинг айтишича, тегишли давлат идоралари республикани Жанубий Осиё мамлакатлари билан боғлайдиган Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бўйича деярли барча масалалар бўйича келишиб олган.

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Сардор Умурзоқов, ўз навбатида, Ўзбекистон ҳукумати Қирғизистон билан ҳамкорликка устувор аҳамият қаратишини таъкидлади.

Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт жамғармаси Қирғизистон иқтисодиётининг устувор тармоқларидаги ўзини ўзи таъминловчи лойиҳаларни кредитлар, акциядорлик ва бошқа молиявий воситалар ҳисобидан молиялаштиради. Жамғарманинг устав капитали 50 миллион долларни ташкил этади, у Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади ва кейинчалик 200 миллион долларга кўтарилади. Ташкилотнинг бош қароргоҳи Бишкекда бўлади.