Қирғизистон мамлакатга киришда COVID-19 учун ПЦР тестини ўтказиш талабини бекор қилди

Манас аэропортида тепловизор ёрдамида инсонлардаги юқори ҳароратни аниқлаётган ходим. Александра Мельникова фотосурати, «Фарғона»

Қирғизистон ҳукумати 1 майдан бошлаб республикага келаётган ўз фуқаролари ва хорижликлар учун салбий натижали ПЦР тести ёки коронавирус инфекциясига қарши эмланганлик сертификати талабини бекор қилишга қарор қилди. Бу ҳақда 24.kg хабар беради

«Соғлиқни сақлаш вазирлигига манфаатдор давлат органлари билан биргаликда 1 майдан бошлаб Қирғизситон республикаси давлат чегарасининг бутун узунлиги бўйлаб назорат-ўтказиш пунктларини барча транспорт турларида кесиб ўтувчи Қирғизистон Республикаси фуқаролари ва чет эл фуқаролари учун салбий натижага эга ПЦР тести ёки коронавирус инфекциясига қарши эмланганлик сертификати бўйича мажбурий талабни бекор қилиш топширилди», — дейилади хабарда.

Шунингдек, Президентнинг ҳудудлардаги ваколатли вакилларига Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда аҳолини коронавирус инфекциясига қарши эмлаш кампаниясини давом эттириш, қамровни кенгайтириш ва эмлаш даражасини ошириш, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига эътибор қаратиш топширилди.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг навбатдаги мажлисида ҳукуматнинг 2020 йил 22 мартдаги 93-р-сонли (фавқулодда вазият режимини жорий этиш тўғрисида) қарорини ўз кучини йўқотган деб топишни назарда тутувчи қарор лойиҳаси кўриб чиқилади.

Таъкидлаш жоиз, Қирғизистон Марказий Осиёда биринчи бўлиб мамлакатга кириш учун ПЦР тестининг манфий бўлиши талабини бекор қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ