Тожикистонлик журналист Улфат Мамадшоева намойишларни уюштирганликда гумонланиб ҳибсга олинди

Улфатхоним Мамадшоева. Фотосурат журналист ҳамкасблари томонидан тақдим этилди

Журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Улфатхоним (Улфат) Мамадшоева Душанбеда ҳибсга олинди. Бундан аввал расмийлар уни 16 май куни Хоруғдаги норозилик намойиши ташкилотчиларидан бири сифатида қайд этган эди.

Журналист яқинларининг «Фарғона» нашрига маълум қилишича, 18 май куни эрталаб Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари журналист аёлни ўз уйидан олиб кетишган. Шу билан бирга, Мамадшоева хонадонида унинг оила аъзолари борлигида тинтув ўтказилган, бироқ шубҳали ҳеч нарса олинмаган.

Расмийлар Мамадшоеванинг ҳибсга олинишига доир ҳеч қандай изоҳ бермаган, бироқ манбаларнинг айтишича, унга нисбатан ҳозирча ҳеч қандай айблов қўйилмаган. Журналист яқинларига кўра, Улфатҳоним терговчилар билан адвокатсиз гаплашишдан бош тортган. Ҳозирда яқинлари томонидан ёлланган адвокат маҳбус билан учрашишга ҳаракат қилмоқда.

Бугун, шунингдек, Тожикистоннинг Сўғд вилоятида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара қўшинлари генерали, Тоғли Бадахшонда туғилган, Улфатҳоним Мамадшоеванинг турмуш ўртоғи Холбаш Холбашевнинг қўлга олингани маълум бўлди. Pamir Daily News нашрининг ёзишича, Холбашев 1990-йилларда Рушон туманида президентга нисбатан уюштирилган суиқасд пайтида Имомали Раҳмон ҳаётини сақлаб қолгани билан танилган.

17 май куни Тожикистон Ички ишлар вазирлиги ТБАВ прокуратураси 16 май куни Хоруғдаги митинг ташкилотчиларига қарши жиноий иш қўзғатганини маълум қилди. Хабарда Улфатҳоним Мамадшоева, шунингдек, Бадахшон норасмий етакчиси Мамадбокир Мамадбокиров (Маҳмадбокир Маҳмадбокиров) ва хорижда яшаётган мухолифат фаоли Алим Шерзамонов номи тилга олинган. Улфатхонимнинг ўзи «Фарғона» нашри билан суҳбатда бу айбловни абсурд деб атади.

«Мен яқинда Помирда эдим, лекин Душанбега қайтганимдан бери бир ҳафтадан кўпроқ вақт ўтди ва у ерда бирор нарса бўлишини хаёлимга ҳам келтирмагандим. Аксинча, мен у ерда бўлганимда фуқаролик фаоллиги пасайганини сездим. Ва бирдан омма кўтарилган. Ўйлайманки, бу Чоршанбе Чоршанбиев (13 май куни Душанбе суди томонидан 8 йил 6 ойга озодликдан маҳрум этилган, ММА жангчиси, Тоғли Бадахшонда туғилган. – «Фарғона» изоҳи) ҳукмидан сўнг содир бўлди». — дейди у.

Улфатхоним Мамадшоева Тожикистонда таниқли мустақил журналист ва фуқаролик фаоли. Сўнгги йилларда у «Спутник», «Фарғона» ва бошқа оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиб, ижтимоий ва сиёсий мавзуларда, шунингдек, Тоғли Бадахшон тарихи, маданияти ва таниқли шахслари ҳақида мақолалар чоп этди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ