БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон автоном вилоятида (ТБАВ) кескинлик ва зўравонлик кучаяётгани, жумладан, одамлар ҳалок бўлаётгани ҳақидаги хабарлардан хавотирда. Бу ҳақда брифингда Бош котибнинг расмий вакили Стефан Дюжаррик маълум қилди. 18 май куни Тожикистон ҳукумати ТБАВда аксилтеррор операциясини бошлади, натижада инсонлар орасида қурбонлар бор.
«Бош котиб Тоғли Бадахшон автоном вилоятида кучайган кескинлик ва зўравонликлар, жумладан қурбонлар сони ҳақидаги хабарлардан хавотирда. У вазминликка ва мавжуд вазиятни тинч йўл билан ҳал қилишга чақиради. БМТ вазиятни диққат билан кузатишда давом этади», — деди Дюжаррик.
Бундан аввал Европа Иттифоқининг дипломатик ваколатхонаси, Франция, Германия, Буюк Британия ва АҚШнинг Тожикистондаги элчихоналари ТБАВдаги воқеалар юзасидан хавотир билдирган эди. Қўшма баёнотда улар барча томонларни «эскалацияни пасайтириш, ўзини тутиш ва ҳаддан ташқари куч ишлатиш ва зўравонликдан тийилишга» чақирдилар.
Дунё исмоилийларининг имоми шаҳзода Карим Оғахон IV, ўз навбатида, Бадахшондаги издошларини «можароларни мулоқот йўли билан, ҳурмат ва ўзаро тушуниш руҳида ҳал қилишга» чақирди.
«Мен имом сифатида тожикистонликларни хотиржамликка чақираман; мамлакат қонунларига риоя қилиш; ҳар қандай зўравонлик, тартибсизлик, ноқонуний хатти-ҳаракатлар ёки уларнинг фаровонлигига хавф туғдирадиган бошқа ҳаракатлардан воз кечиш; жамият анъаналарини доимо асраб-авайлаш; барча ватандошлар билан тинч-тотув яшаш; ўз мамлакатлари ривожига фаол ҳисса қўшишга чорлайман», — дейилади Оға Хон баёнотида.
Май ойи ўрталарида тоғли Бадахшон маъмурий маркази Хоруғ шаҳри аҳолиси ҳокимиятга қатор талаблар, жумладан, вилоят раҳбари Алишер Мирзонаботнинг истеъфога чиқишини талаб қилганидан сўнг минтақадаги вазият кескинлашди. Акс ҳолда, бадахшонликлар норозилик намойишларини бошлашга ваъда беришди. Расмийлар талабларни ноқонуний деб эълон қилди ва намойишларда иштирок этиш террорчилик ҳаракати сифатида баҳоланишини айтди.
16 май куни намойишчилар Хоруғ марказидаги вилоят ҳокимлигига боришган, бироқ хавфсизлик кучлари уларнинг йўлини тўсиб қўйган. Улар намойишчиларга қарши резина ўқ ва кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган. Ижтимоий тармоқларда ҳарбий қуроллар ҳам қўлланилгани, натижада бир киши ҳалок бўлгани, бир неча киши яралангани хабар қилинди.
18 май куни ТБАВнинг Рушон туманида, расмий маълумотларга кўра, 200 га яқин одам «Душанбе-Хоруғ» автомобиль йўлини тўсиб қўйган, аксилтеррор операцияси бошланган. Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, операция давомида куч тузилмаларидан бирининг ходими ҳалок бўлган, 13 нафар ҳарбий хизматчи оғир яраланган. Шунингдек, аҳоли орасидан 8 киши ҳалок бўлган, 11 киши яраланган ва 114 нафар «террорчи гуруҳлар аъзоси» қўлга олинган. Уюшган жиноий гуруҳдан кўп миқдорда қурол-яроғ ва ўқ-дорилар, молотов коктейллари мусодара қилинган. Вазирликка кўра, тинч аҳоли вакиллари жабрланмаган. Бироқ, ижтимоий тармоқларда Рушон (Вамар) туманида хавфсизлик кучлари «оммавий тозалаш» олиб бораётгани, ҳалок бўлганлар сони ўнлаб кишилар экани хабар қилинди.