Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиришлар киритиш комиссиясига Акмал Саидов раҳбарлик қилади

Акмал Саидов. yuz.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия тузилди. Комиссияга аҳолининг барча қатламларидан Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни олиш борасида вазифалар қўйилди, деб хабар беради Daryo.uz.

Комиссия раиси этиб парламент вице-спикери, 1996 йилдан буён Инсон ҳуқуқлари миллий марказини бошқариб келган Акмал Саидов тайинланди.

Комиссия раисининг ўринбосарлари этиб тўрт киши тасдиқланди: ЎзЛидеП (Ўзбекистон Либерал-демократик партияси) фракцияси раҳбари Актам Хаитов, «Миллий тикланиш» фракцияси раҳбари Алишер Қодиров, Қорақалпоғистон Республикаси раҳбари Мурод Камолов ва Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси Қутбиддин Бурхонов.

Комиссия таркибига депутатлар, сенаторлар, Ўзбекистоннинг барча вилоятлари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, ҳуқуқшунослар, сиёсатшунослар ва бошқа экспертлар кирди.

Ўзбекистоннинг исталган фуқароси комиссияга ўз таклифларини юбориши мумкин. Алишер Қодиров аввалроқ ваъда қилганидек, тажрибали ҳуқуқшунослар ҳар бир таклифни синчиклаб кўриб чиқиб, унга жавоб берадилар. «Конституцияни олинг, уни ўрганинг ва ўзингиздан сўранг — унда нимани ўзгартириш керак? Таклифингизни асослаб, юборинг», — деди сиёсатчи.

Конституциявий ислоҳот ҳақида Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йил 6 ноябрь куни инаугурация маросимида эълон қилган эди. Май ойи ўрталарида Ўзбекистондаги икки сиёсий партия – ЎзЛидеП ва «Миллий тикланиш» фракциялари қўшма йиғилиш ўтказиб, бу масалани парламентнинг ҳар икки палатаси кенгаши муҳокамасига қўйишга келишиб олдилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ