АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Доналд Лу Марказий Осиё мамлакатларига ташриф буюради

Доналд Лу. Samaaenglish.tv сайти фотосурати

АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Доналд Лу (Donald Lu) 23-27 май кунлари Марказий Осиёнинг тўртта давлатига ташриф буюради. Бу ҳақда Давлат департаменти матбуот хизмати хабар беради.

Доналд Лу АҚШ делегациясига бошчилик қилиб, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистон бўйлаб сафар қилади. Делегация мақсади «АҚШнинг минтақа билан муносабатларини мустаҳкамлаш ва ўзаро боғланган, фаровон ва хавфсиз Марказий Осиёни барпо этиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни илгари суришдан иборат», дейилади баёнотда.

Делегация таркибига Миллий хавфсизлик кенгашининг Россия ва Марказий Осиё бўйича катта директори Эрик Грин, Мудофаа вазирининг Афғонистон, Покистон ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси ўринбосари Ребекка Зиммерман, АҚШнинг Осиё бўйича агентлиги маъмурияти ёрдамчиси ўринбосари Анжали Каур, АҚШ халқаро тараққиётни молиялаштириш корпорацияси сиёсати бўйича бўлим бошлиғи ўринбосари Наз Ал-Хатиб киритилган.

Қирғизистонда делегация Қирғизистоннинг юқори мартабали амалдорлари, фуқаролик жамияти ва иқтисодиёт вакиллари билан учрашиб, «АҚШнинг умумий қадриятлар, маҳаллий маданият ва иқтисодий тараққиётни яхшироқ қўллаб-қувватлаши йўлларини излайди».

Ўзбекистонда ҳукумат амалдорлари, бизнес раҳбарлари ва фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашувлар ўтказилади, делегация улар билан «иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, АҚШ кўмагида умумий қадриятлар ва хотин-қизлар имкониятларини кенгайтириш» масалаларини муҳокама қилади.

Тожикистонда Доналд Лу иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида АҚШ ва Тожикистон ўртасида ўтказиладиган йиллик икки томонлама маслаҳатлашувларда иштирок этади. АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси, шунингдек, фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашиб, афғон қочқинларига инсонпарварлик ёрдами ва бошқа кўмакларни бериш, инсон ҳуқуқлари, озиқ-овқат хавфсизлиги ва аёлларнинг жамиятдаги роли бўйича ҳамкорлик ташаббусларини муҳокама қилади.

Қозоғистонда делегация Қозоғистоннинг юқори мартабали мулозимлари ва фуқаролик жамияти раҳбарлари билан учрашиб, Қозоғистондаги ислоҳотлар дастури, инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш ва аёллар ҳуқуқларини кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларни муҳокама қилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ