Тоғли Бадахшон аҳолисининг «ихтиёрий таслим бўлган» одамлари рўйхати эълон қилинди

Амирбек Каёбеков ва Нуриддин Саидов. Тожикистон ИИВ сайтидан фотосурат коллажи

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги 15-18 май кунлари Рушон туманида бўлиб ўтган норозилик намойишларида қатнашган ва кейинроқ ўз ихтиёри билан таслим бўлган Тоғли Бадахшон мухтор вилояти аҳолиси рўйхатини эълон қилди.

Рўйхатда ИИВ «уюшган жиноий ва экстремистик-террорчи гуруҳлар аъзоси» сифатида кўрсатаётган Тоғли Бадахшоннинг 19 нафар фуқароси бор. Улар орасида Тожикистон Олий суди томонидан 2015 йили террорчи-экстремистик ташкилот деб эълон қилинган Тожикистон Ислом Уйғониш партияси (ТИУП) Рушон бўлимининг икки собиқ етакчиси Амирбек Каёбеков ва Нуриддин Саидов ҳам бор.

Рўйхатдаги 15 нафар шахс 17 май куни қўлга олинган. Улар «Холбаш Холбашевнинг жиноий гуруҳи» аъзолари бўлган. Холбаш Холбашев эса – Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара қўшинлари генерали, журналист ва ҳуқуқ фаоли Улфатҳоним Мамадшоеванинг турмуш ўртоғи бўлиб, у расмийлар томонидан ҳукуматни ағдаришга оммавий чақириқда айбланиб, ҳибсга олинган.

17 май куни Тоғли Бадахшон автоном вилояти прокуратураси Мамадшоева, шунингдек, Бадахшон норасмий етакчиси Мамадбокир Мамадбокиров (Маҳмадбокир Маҳмадбокиров) ва хорижда яшаётган мухолифат фаоли Алим Шерзамоновга нисбатан жиноий иш қўзғатди. 22 май куни Ички ишлар вазирлиги Мамадбокировнинг «ички жиноий жанжал натижасида» ўлдирилганини эълон қилди, бироқ ижтимоий тармоқларда уни мамлакат ҳуқуқ-тартибот идораларидан бирининг снайпери отиб ўлдиргани ҳақида ёзилмоқда.

Тоғли Бадахшондаги вазият 16 май куни кескинлашди. Аҳоли вилоят маъмурий маркази бўлган Хоруғ шаҳар марказига йиғилиш учун тўпланмоқчи бўлган, бироқ ҳуқуқ-тартибот идоралари резина излар ва кўздан ёш оқизувчи газ, шунингдек, гувоҳларнинг сўзларига кўра, ўқотар қуроллар қўллаш орқали буни олдини олган.

18 май куни Рушон туманида, расмий маълумотларга кўра, 200 га яқин одам «Душанбе-Хоруғ» автомобиль йўлини тўсиб қўйган, аксилтеррор операцияси бошланган. Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, операция давомида куч тузилмаларидан бирининг ходими ҳалок бўлган, 13 нафар ҳарбий хизматчи оғир яраланган. Шунингдек, тинч аҳоли орасидан 8 киши ҳалок бўлган, 11 киши яраланган, 114 нафар «террорчи гуруҳлар аъзоси» қўлга олинган.

ТБАВдаги воқеалар юзасидан Европа Иттифоқининг дипломатик ваколатхонаси, Франция, Германия, Буюк Британия ва АҚШнинг Тожикистондаги элчихоналари хавотир билдирди. Улар қўшма баёнотда барча томонларни «эскалацияни пасайтириш, ўзини тутиш, ҳаддан ташқари куч ишлатиш ва зўравонликка ундашдан тийилиш»га чақирди. Дунё исмоилийлар имоми шаҳзода Карим Оғахон IV Бадахшондаги ўз издошларини «можароларни мулоқот орқали, ҳурмат ва ўзаро тушуниш руҳида ҳал қилишга» чақирди. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ҳам вазминлик ва вазиятни тинч йўл билан ҳал қилиш зарурлигини таъкидлади.

БМТнинг озчилик халқлар масалалари бўйича махсус маърузачиси Фернанд де Варен кескинроқ гапирди.

«Ҳукуматнинг помирликлар норозилик намойишларига қамоққа олиш, ҳаддан ташқари ва ноқонуний куч ишлатиш ва ҳарбийларни жалб қилиш орқали қаттиқ жавоб бериши номутаносиб ва ​​барчамизни чуқур ташвишга солмоқда», — деди БМТ махсус маърузачиси.

Де Варен тожик расмийларига «помирликлар билан конструктив ва очиқ мулоқотни бошлаш ва зудлик билан можаронинг олдини олиш учун барча зарур чораларни кўришни» тавсия қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ