Германияда Тожикистоннинг беш фуқароси «Ироқ ва Шом исломий давлати»* (ИД ёки ИШИД*) фаолиятига алоқадорликда айбланиб судланди. Бу ҳақда Дюссельдорф Олий ер суди матбуот хизмати хабар беради.
Ҳукм 31 май куни чиқарилган. Айбланувчилар 3,8 йилдан 9,6 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Жумладан:
➡️ 26 ёшли Сунатуллох К. тўққиз йилу олти ойга озодликдан маҳрум этилган,
➡️ 33 ёшли Фарходшоҳ К. — саккиз ёшу олти ойга,
➡️ 29 ёшли Азизжон Б. — олти ёшу саккиз ойга,
➡️ 25 ёшли Комрон Б. — тўрт ёшу тўққиз ойга,
➡️ 34 ёшли Муҳаммадали Г. — уч йилу саккиз ойга кесилган.
ИШИД «тожик гуруҳи»нинг яна бир аъзоси Равшан Б. 2021 йил 27 январь куни етти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.
Айбланувчилар ҳибсга олинишидан олдин Германиянинг турли шаҳарларида яшашган. Радикал исломий қарашлардан келиб чиқиб, улар ИШИД ёрдамида жиҳод бошлашни мақсад қилишган, дейилади суд матбуот баёнотида. Айбланувчилар 2019 йил январь ойидан буён ИШИДнинг Афғонистондаги етакчиларидан бири билан интернет орқали боғланиб, мафкуравий тайёргарликдан ўтишган. Deutsche Welle маълумотларига кўра, тожикистонликлар кенг халқаро алоқа тармоғига эга бўлишган, улар Стокгольм ва Венадаги ҳужумларни амалга оширган жиҳодчилар билан яқин алоқада бўлишган.
«Тожик гуруҳи» 2020 йил апрель ойи ўрталарида қўлга олинган, операцияда махсус кучлар кўмагида 350 нафар полициячи иштирок этган. Тинтув чоғида тожикистонликлардан ўқотар қурол ва патронлар, шунингдек, портловчи мосламалар ишлаб чиқариш режалари топилган.
Текширувлар натижасига кўра тожикистонликлар:
👉 АҚШнинг Германиядаги иккита ҳаво базасига зарба беришга тайёрланаётган бўлишган,
👉 Германияда исломни танқид қилиш билан танилган ва насронийликни қабул қилган эронлик ютубчини ўлдиришни режалаштиришган,
👉 ижтимоий тармоқларда ИШИД ташвиқот каналларини бошқаришган,
👉 террористик ташкилот учун пул йиғишган,
👉 Албаниялик тадбиркорни буюртма асосида ўлдиришга уринишган, лекин бу иш пировардида амалга ошмаган.
«Комрон Б. тарихигни алоҳида бир «достон» деса бўлади. 2019 йил октябрь ойида Германия ҳукумати миллий хавфсизликка таҳдид солган Комронни Тожикистонга қайтариб юборади. Душанбеда уни зудлик билан ҳибсга олишади, бироқ шериклари уни 7000 евро эвазига қамоқдан қутқариб қолишади. Комрон Б. дарҳол Европага — Албанияга қайтади. У ердан Германия расмийларининг илтимосига кўра Комрон Дюссельдорфда бўлиб ўтадиган судга келтирилади», — дея хабар беради Deutsche Welle.
Тожикистонлик шахслар устидан суд жараёни 19-31 май кунлари бўлиб ўтди. Ҳукм ҳали кучга киргани йўқ.
Тожикистон ИИВ маълумотларига кўра, хорижда ИШИД томонида олиб борилган жанговар ҳаракатларда мамлакатнинг бир неча минг фуқароси қатнашган. Бу гуруҳ Тожикистонни ўзида ҳам ўз тарафдорларининг фаол эканини бир неча бор таъкидлаган. «ИШИД»чилар Данғара туманида чет эллик сайёҳларга нисбатан уюштирилган ҳужум ва Хўжанд колониясидаги тартибсизликлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олишган.
*Ташкилот РФ ва кўпгина давлатларда террорчи деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).