Қирғиз-тожик чегарасида миномётлар ёрдамида отишмалар юз берди. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) Чегара хизмати баёнотига асосланиб, 24.kg ахборот агентлиги хабар беради.
Қайд этилишича, бугун Боткен вилоятининг Булоқ-Боши ҳудудида қирғиз чегара хизмати ходимлари тожикистонлик ҳарбий хизматчиларга дуч келган. Улар чегара чизиғини ноқонуний кесиб ўтиб, Қирғизистон ҳудудига кириб келган.
«Ҳудудни тарк этиш талабларини эътиборсиз қолдирган тожик чегарачилари қирғиз ҳарбийларига қарата ўт очган. Икки давлат ҳарбийлари ўртасида отишма бўлиб, Тожикистон томони миномётлардан фойдаланган. Дастлабки маълумотларга кўра, қирғиз томонида ярадорлар ва жароҳатланганлар йўқ. Вазиятни барқарорлаштириш учун Чегара хизматининг Боткен вилояти бўйича бошқармаси бошлиғи ва Боткен чегара отряди командири воқеа жойига етиб келган. Телефон суҳбатлари ва ўт очишни тўхтатиш бўйича эришилган келишувларга қарамай, Тожикистон томони ўт очишни тўхтатмаяпти», — дейилади Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси хабарида.
Чегара хизмати вазиятнинг кескинлашувига йўл қўймаслик учун барча чоралар кўрилаётганини таъкидлайди. Қирғиз томони тожикистонлик ҳамкасбларини ўт очишни зудлик билан тўхтатишга чақиради. Акс ҳолда, Чегара хизмати жавоб чораларини қўллаш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.
Тожикистон томонига кўра, отишма қирғиз чегарачилари тожик чегарачилари назорати остидаги ҳудудга ўтганидан кейин бошланган. Таъкидланишича, чегарачилар ўртасида тортишув келиб чиққан, кейин эса у отишмага айланган.
Маҳаллий вақт билан 14:00 (Москва вақти билан 11:00) ҳолатига кўра, отишма давом этган. Қирғизистон Чегара хизмати маълумотларига кўра, Тожикистон томони воқеа жойига оғир техникаларни сафарбар қила бошлаган.
«Азия-плюс» нашри хабарига кўра, отишма натижасида Тожикистон томонидан яраланганлар бўлиши мумкин.
Қирғиз-тожик чегарасида икки давлат ҳарбий хизматчилари ва тинч аҳоли ўртасида мунтазам равишда тўқнашувлар бўлиб туради.
Охирги йирик воқеа ўтган йил 28-29 апрель кунлари содир бўлганди. Ўшанда ҳар икки томондан 55 киши ҳалок бўлган, 300 га яқин одам яраланган. Музокаралар натижасида можарога барҳам берилган, шундан сўнг Тожикистон ва Қирғизистон умумий чегарани делимитация қилиш бўйича ишларни фаоллаштирди. Ўтган йил давомида икки давлат топографик ишчи гуруҳларининг бир неча учрашувлари бўлиб ўтди, охиргиси апрель ойи бошида бўлиб ўтди. Ўша ой ўрталарида Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон икки давлат 987 километрдан 663,7 километри ёки умумий чегара чизиғининг 68,4 фоизи бўйича келишиб олганини айтганди.