АҚШ армияси қўмондони Майкл Эрик Курилла Ўзбекистонга ташриф буюрди ва бу ерда кўпкари билан қизиқиб қолди

1.Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистонга АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони генерал Майкл Эрик Курилла (Michael Erik Kurilla) бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Бу ҳақда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

13 июнь куни Америка делегациясини Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов қабул қилди. Мудофаа вазирлиги марказий аппаратида йиғилиш бўлиб ўтди.

«Қабул давомида ҳар икки томон Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар тенглик, ишонч ва ҳурмат, ўзаро манфаатларни инобатга олиш каби принциплар асосида ривожланаётгани, стратегик шериклик даражасига етганлиги, тинчлик ва барқарорликка таҳдид ҳисобланган экстремизм, диний радикализм, халқаро терроризм ҳамда бошқа трансмиллий хавфларга қарши курашишда АҚШ билан мақсадлар бир эканлиги таъкидлаб ўтилди», — дейилади хабарда.

Делегациялар, шунингдек, икки мамлакат мудофаа вазирликлари ўртасидаги ҳамкорлик, жумладан, ҳарбий, ҳарбий-техникавий ва Марказий Осиё минтақасида хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилди.

Майкл Эрик Курилла Ўзбекистон томонига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, бир кун аввал Самарқандга ташрифидан катта таассурот олганини таъкидлади, деб ёзади «Газета.Uz». Бу ерда унга кўпкари ва кураш кўрсатилган. АҚШ Марказий Қўмитаси раҳбари келгуси ташрифида бундай мусобақаларда иштирок этиш истагини билдирган.

13 июнь куни кечқурун Майкл Эрик Курилла Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинди. Учрашувда Ўзбекистон-Америка стратегик шериклигини янада ривожлантириш, тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган лойиҳаларни илгари суриш, Афғонистонни ижтимоий-иқтисодий тиклаш масалалари муҳокама қилинди.

Курилла Ўзбекистонга 90 кунлик ўқув сафари доирасида АҚШ Марказий қўмондонлиги масъулияти остидаги Мисрдан тортиб Қозоғистонгача бўлган жами 21 та давлат қатори ташриф буюрди. У шу йилнинг 1 апрелида Марказий Қўмита раҳбари этиб тайинланган эди.

ℹ️ АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги АҚШнинг Яқин Шарқ, Марказий Осиё ва Шарқий Африкадаги ҳарбий кучларини режалаштириш ва бошқариш учун масъул ҳисобланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ