Тожикистон ва Қирғизистон чегара вакиллари 14 июн куни музокара ўтказган, бунга икки давлат чегарачилари ўртасида эрталабки отишма сабаб бўлган.
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара хизмати маълумотларига кўра, Боткен вилоятининг Булоқ-Боши ҳудудида бўлиб ўтган учрашувда томонларнинг ҳар бири қуролли ҳодиса юзасидан ўз даъволарини билдирган.
«Қирғизистон томони вазиятни қўзғатувчилар – тожик чегарачиларига нисбатан асосли далиллар келтирди», — дейилади хабарда. Тожикистон томонининг нуқтаи назари келтирилмаган.
Учрашув якунлари бўйича икки давлат чегара вакиллари қуйидаги қарорларни қабул қилдилар:
▶️ Булоқ-Боши ҳудудидаги чегара қўшинларининг ҳаракатланиш йўналишларини аниқлаштириш;
▶️ воқеа жойига олиб келинган қўшимча куч ва воситаларни доимий жойлаштириш пунктларига қайтариш;
▶️ «Булоқ-Баши» (Қирғизистон) ва «Кеҳ» (Тожикистон) чегара постлари раҳбарларини ҳар куни учрашиб, вазият юзасидан маълумот алмашиш мажбуриятини юклаш;
▶️ томонларни аввал қазилган хандақларни кўмишга мажбурлаш;
▶️ ер участкалари чегара яқинида жойлашган фуқароларга қишлоқ хўжалиги ишларида тўсиқлар яратмаслик.
Яқин орада икки республика чегара делегацияларининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтиши кутилмоқда.
Қирғизистон Чегара хизмати маълумотларига кўра, ҳодиса эрталаб соат 6:50 -7:00 атрофида содир бўлган. Биринчи ўқ Тожикистондан отилган. Бунга жавобан Қирғизистон томонидан Тожикистон пости томон ўқ узилган. Икки томон чегарачилари зудлик билан жанговар позицияларни эгаллаган. Икки республиканинг чегара вакиллари телефон орқали мулоқот қилган, томонларнинг чегара отрядлари раҳбарлари воқеа жойига жўнаб кетган.
«Бироқ, соат 7:50 да Тожикистон томони граната ва миномётлардан фойдаланган ҳолда яна ўт очишни бошлади. Эрталаб соат 8:10 да отишма тўхтади», — дейилади Қирғизистон Чегара хизмати хабарида. 17:30 (Москва вақти билан 14:30) ҳолатига кўра, Қирғизистон-Тожикистон давлат чегарасида вазият кескинлигича қолмоқда.
Айни пайтда Тожикистонда қирғиз чегарачилари тинчликни бузганини таъкидлайдилар.
«Маҳаллий вақт билан соат 06:00да кўрсатилган чегара пости [Исфаранинг Ворух қишлоғидаги «Кеҳ»] Қирғизистон ҳарбийлари томонидан тўсатдан қуроллар ва миномётлардан ўққа тутилди», — дейилади Тожикистон ТИВ баёнотида. — Ушбу асоссиз босқинчилик ҳаракати натижасида Тожикистоннинг «Кеҳ» чегара пости командири тан жароҳати олиб, Ворух қишлоғидаги тиббиёт муассасасига етказилди. Унинг соғлиғи оғир деб баҳоланмоқда».
Ташқи ишлар вазирлиги афсус билан қайд этганидек, «Қирғизистон томонидан Тожикистонга қарши бундай провокациялар тизимли тус олган. Бу ноқонуний хатти-ҳаракатлар чегарадаги вазиятни янада оғирлаштиради ва икки давлат ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик руҳини сақлашга хизмат қилмайди».
Тожикистон томони қирғиз ҳарбийларининг провокацион ҳаракатларини қоралайди ва Қирғизистон томонидан келгусида шу каби ҳодисаларнинг олдини олиш учун шошилинч чоралар кўришни талаб қилади, дейилади баёнотда.
Ташқи ишлар вазирлиги баёноти Душанбе вақти билан 16:19 да чоп этилган. Айни вақтда, «Азия-Плюс» нашри ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбасига таяниб, бир тожик чегарачиси ҳалок бўлгани ҳақида хабар қилди. Куннинг иккинчи ярмида нашрнинг аниқлик киритишича, 26 ёшли аскар қўлидан яраланган ва қон йўқотишдан вафот этган. Шунингдек, нашр хабарига кўра, яна уч нафар чегарачи яраланган.