Тоғли Бадахшонда ўтказилган «махсус операция» якунлари сарҳисоб қилинди

ТБАВ Рушон туманида ўтказилган «махсус операция» натижасида ўлдирилган одамлар жасадлари. Ижтимоий тармоқ фотосурати

Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон автоном вилояти (ТБАВ) хавфсизлик ва жамоат тартибини таъминлаш бўйича идоралараро штаби «минтақада уюшган террорчилик гуруҳлари фаолияти тўлиқ тўхтатилгани»ни расман эълон қилди. Штабнинг тегишли баёноти «Ховар» давлат ахборот агентлиги томонидан эълон қилинди.

«ТБАВда Хавфсизлик ва жамоат тартибини таъминлаш бўйича идоралараро штабнинг самарали ва мақсадли фаолияти натижасида вилоятнинг шаҳар ва туманларида, жумладан, Хоруғ, Роштқалъада уюшган жиноий гуруҳлар раҳбарларининг ноқонуний ва давлатга қарши ҳаракатларига барҳам берилди», — дейилади хабарда.

Штабда қайд этилишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида «уюшган жиноий гуруҳлар (УЖГ)нинг барча 12 нафар етакчиси қўлга олиниб, қамоққа олинган, муросасиз қуролли гуруҳлар етакчилари зарарсизлантирилган».

Таъкидланишича, биргина сўнгги бир ойнинг ўзида штаб фаолияти натижасида ўнта «жиноий террорчи гуруҳлар» қўлга олинган. Улардан 16 та Калашников пулемёти, 114 та Калашников автомати, 4 та снайпер милтиғи, 28 та Макаров тўппончаси, 1 та ТТ тўппончаси, 2 та травматик тўппонча, 9 та граната, 101 та граната ўқи, 4 та реактив граната, 22 та Град, 2 та миномёт, 19 та миномёт ўқи , 2 та танкга қарши граната қуроли, 88 та қўл гранатаси, 2 карабин, 64 ов қуроли, 12 та электр детонатори, 200 кг портловчи моддалар, деярли 23 минг турли калибрли патронлар, 159 та ВОГ-25 снарядлари, 15 та милтиқ найзаси, 12 та пиёдаларга қарши мина, 200 кг афюн мусодара қилинган.

«Махсус операция давомида жами 220 киши қўлга олинди, 53 нафар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди, қуролли қаршилик кўрсатган 16 нафар шахс зарарсизлантирилди. Шундай қилиб, Тоғли Бадахшондаги Хавфсизлик ва жамоат тартибини таъминлаш бўйича идоралараро штаб Бадахшон ҳудудида уюшган террорчилик гуруҳлари фаолияти тўлиқ тўхтатилганини расман маълум қилади», — дейилади хабарда.

Шу билан бирга, штаб-квартирада жароҳатланган тинч аҳоли ва хавфсизлик ходимлари сони айтилмаган.

Эслатиб ўтамиз, Тоғли Бадахшондаги вазият 14 май куни Хоруғда йиғилган маҳаллий аҳоли мухторият раҳбари Алишер Мирзонабот ва Хоруғ ҳокими Ризо Назарзодани ишдан бўшатиш, уч кишининг ўлимида айбдор бўлган хавфсизлик кучлари ходимларини жазолашни талаб қилган митингдан кейин кескинлашганди.

Республика Ички ишлар вазирлигининг маълумотларига кўра, 18 май куни ТБАВнинг Рушон туманида 200 га яқин одам хавфсизлик кучларининг катта автоколоннаси Тоғли Бадахшон маъмурий марказига ўта олмаслиги учун «Душанбе-Хоруғ» автомобиль йўлини тўсиб қўйган. Шундан сўнг аксилтеррор операцияси бошланган. Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти маълумотларига кўра, 40 дан ортиқ маҳаллий аҳоли вакиллари ҳалок бўлган.

Тожикистон ҳарбийлари ва ИИВ ходимлари Хоруғдаги махсус тадбирлар чоҳида 2018 йили Тожикистон ҳукумати билан қуролларни топшириш ва ноқонуний фаолиятни тўхтатиш бўйича келишув тузган Тоғли Бадахшоннинг бир қатор норасмий раҳбарларини ҳибсга олган ёки бартараф этган.

16 июнь куни ҳарбийларнинг Тоғли Бадахшонни оммавий равишда тарк эта бошлагани маълум бўлди. Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, Рушон, Ванж ва Дарвазга кираверишдаги милиция постларида фақат йўл полицияси ходимлари қолган. Кўплаб аскарларнинг шаҳарни тарк этгани ҳақида хоруғликлар ҳам хабар беришган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ