Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида яширин ер ости йўлларини қазиган шахслар озодликдан маҳрум этилди

ЕР ОСТИ ЙЎЛЛАРИ. ДХХ МАТБУОТ ХИЗМАТИ ФОТОСУРАТИ

Пул ва товарларни ноқонуний олиб ўтиш учун трансчегаравий туннелларни қазиган жиноий гуруҳ аъзолари 6 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизматининг Телеграм канали хабар берди.

Контрабандачиларни қўлга олиш бўйича операция жорий йилнинг 22 январь куни бўлиб ўтди: Андижон ва Наманган вилоятлари ДХХ ходимлари томонидан 1,6 миллион долларнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди.

Гуруҳ таркибида икки нафар Ўзбекистон ва олти нафар Қирғизистон фуқароси бўлган. Қўлга олинганлардан бири, Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани Қорасув шаҳрида яшовчи 32 ёшли фуқаронинг уйи кўздан кечирилганда у ерда Қирғизистонга олиб борувчи кенглиги 1 метр, чуқурлиги 12 метр ва узунлиги 150 метр бўлган туннел аниқланган.

Яна бир эр ости йўли худди шу ҳудудда қўлга олинган яна бир фуқаронинг ҳовлисида топилган — кенглиги ва чуқурлиги ўхшаш ва узунлиги 420 метр. Туннелда темир йўлга ўхшаш йўлакча ўрнатилган, унда электр моторли кичик арава ҳаракатлананган.

8 кишидан иборат гуруҳни 48 ёшли қирғизистонлик бошқарган. Қўлга олинганларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг бир қанча моддалари билан иш қўзғатилган. Ҳукм 25 май куни Жиноят ишлари бўйича Норин туман суди томонидан чиқарилган.

Айни пайтда, трансчегаравий туннел қазиш билан боғлиқ яна бир жиноят устидан тергов давом этмоқда. Яширин ер ости йўли 5 февраль куни Қорасув шаҳрида яшовчи фуқаронинг уйидан топилган, терговга кўра, у Қирғизистоннинг бир неча фуқаролари билан тил бириктирган. Улар билан биргаликда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги давлат чегараси ҳисобланган Шаҳрихонсой канали остидан ўтувчи чуқурлиги қарийб 16 метр, узунлиги 70 метр бўлган ер ости йўлини қазишган. Ер ости йўли электр ёритиш ва кислород етказиб беришнинг махсус тизими билан жиҳозланган.

«Ушбу учта ер ости йўналиши бўйича Ўзбекистондан қўшни давлатга катта миқдорда хорижий валюта олиб ўтилган, мамлакатимизга турли товарлар олиб кирилган», — дейилади Давлат хавфсизлик хизмати хабарида.

Апрель ойида Ўзбекистон томони аниқланган туннеллар ва уларни қазиганлар ҳақидаги маълумотни Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идораларига чора кўрилиши учун юборган. Май-июнь ойларида Қирғизистон ҳудудида маҳаллий хавфсизлик кучлари томонидан ўтказилган текширувлардан сўнг яширин ер ости йўллари фаолияти тўхтатилди.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) матбуот маркази май ва июнь ойларида трансчегаравий туннеллар аниқлангани ҳақида хабар берди. Жумладан, Қирғизистонни Ўзбекистон билан боғловчи ерости йўлларидан бири жойлашган Ўш вилояти Қора-Сув тумани Телман қишлоғидаги уй эгаси Жалолобод вилоятидаги руҳий касалликлар шифохонасида даволаниши аниқланган.

Иккинчи туннел турар-жой биносининг бетон қопламаси остида экани аниқланган, уни қазиб, ишлатишда иштирок этган шахслар аниқланмоқда. Учинчи туннел топилган уй эгасининг айтишича, у 2021 йил сентябрида қандайдир Рустам деган инсон билан шартнома тузган.

«Улар Қирғизистон ва Ўзбекистонни боғловчи туннел қазишади. Ер ости йўлидан Қирғизистон Республикасидан Ўзбекистон Республикасига истеъмол товарлари ва чет эл валютасини ноқонуний олиб ўтиш мақсадида фойдаланилган. Тергов жараёнида у ўз айбига тўлиқ иқрор бўлди. Ҳозирда барча зарур тергов-тезкор тадбирлари олиб борилмоқда», — дейилади Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси хабарида.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ