БМТнинг Қирғизистондаги тизими сўнгги пайтларда мамлакатда аёллар ва қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари кўпайгани ва бунинг айбдорлари жазосиз қолаётганидан хавотир билдирган.
Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2021 йили қуйидагилар рўйхатга олинган:
❗️ 604 та жинсий зўравонлик ҳолатлари, уларнинг 53 фоизи жиноят таркиби йўқлиги сабабли тугатилган;
❗️ Мажбурий никоҳга олиш мақсадида аёлларни ўғирлаш билан боғлиқ 254 та ҳолат, уларнинг 84 фоизи жиноят таркиби йўқлиги сабабли тугатилган;
❗️ 10151 та оилавий зўравонлик ҳолатлари. Оилавий зўравонлик қурбонларига нисбатан 9038 та вақтинчалик ҳимоя буйруғи берилган бўлса, шундан 8463 таси аёлларга, 264 таси вояга етмаганларга тегишли.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти эслатишича, Қирғизистон 1996 йилдан буён Аёлларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги халқаро конвенцияга аъзо бўлиб, у мамлакатни хотин-қизларга нисбатан камситишларни бартараф этиш ва тенг ҳуқуқларни таъминлашга мажбур қилади.
БМТ тизими республика ҳукуматини аёллар ва қизларга нисбатан зўравонлик билан боғлиқ барча жиноятларни ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан тезкор ва етарлича тергов қилишни тезлаштиришга, товон тўлаш ва компенсация олиш имкониятини таъминлашга чақиради.
«Халқаро стандартларга мувофиқ, тўғри тергов ўтказиш ва суд жараёнига кириш ўрнига, зўравонликдан омон қолганларга уларнинг иродасига зид равишда томонларни яраштириш чоралари қўлланилмаслиги керак», -дейилади БМТ баёнотида.
Ҳукумат мансабдор шахслар ва кенг жамоатчилик ўртасида гендерга асосланган зўравонликнинг барча шакллари, жумладан, оилавий ва жинсий зўравонликнинг жиноий моҳияти тўғрисида хабардорликни ошириши ҳамда бундай жиноятларни рад этишда жамоатчилик ва фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаши керак.
«Болалар ва ўсмирлар, мигрант аёллар, ОИВ инфекциясига чалинган аёллар, ногиронлар ва бошқа ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифадаги аёлларнинг камситилиши, эксплуатация қилиниши ва гендер зўравонликка учрашидан ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратиш лозим», — дейилади хабарда.
БМТ тизими «гендер асосидаги зўравонлик муаммосини ҳал қилиш, оиладаги зўравонликни меъёрлаштирадиган ижтимоий муносабатларни ўзгартириш, ҳуқуқ-тартибот идоралари салоҳиятини ривожлантириш ва адлия тизимининг аёллар ва қизлар эҳтиёжларини қондириш» борасидаги саъй-ҳаракатларида ҳукуматни қўллаб-қувватлашни давом эттиришга тайёрлигини эълон қилди.
Kloop нашрининг қайд этишича, БМТнинг Қирғизистондаги баёноти 13 ёшли қизни зўрлаганликда гумон қилинган тўрт эркак устидан суд жараёни фонида қилинган. Ҳибсга олинганлардан икки нафари полициячи. Жабрланувчи яқинларининг сўзларига кўра, улар ўсмирни қарийб олти ой, 2021 йилнинг августидан 2022 йилнинг февралигача зўрлаган. Жабрланувчининг қариндошлари айбдорлар жавобгарликдан қочишлари мумкинлигидан хавотирда.
Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, жорий йилнинг беш ойида Қирғизистонда болаларга нисбатан 400 дан ортиқ зўравонлик ҳолатлари қайд этилган. Жумладан, 55 та жинсий зўравонлик ҳолатлари: 19 та зўрлаш, бешта жинсий зўравонлик, 23 та вояга етмаган қизларга нисбатан зўравонлик, шунингдек, 8 та ноўрин хатти-ҳаракатлар.