Туркманистоннинг янги президенти давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади

Rtvi.com сайти фотосурати

Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Ташриф Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан 14-15 июл кунлари бўлиб ўтади.

«Олий даражадаги музокаралар кун тартибидан Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ўрин олган», — дейилади хабарда.

Томонлар асосий йўналишлардаги амалий алоқаларнинг, шу жумладан ўзаро савдо ҳажмини ошириш, саноат кооперациясини йўлга қўйиш, транспорт-транзит салоҳиятини самарали ишга солиш, сув хўжалиги соҳасида муҳим лойиҳаларни амалга ошириш, ҳудудлараро мулоқотни фаоллаштириш ҳамда маданий-гуманитар алмашинув дастурларини давом эттириш истиқболларини муҳокама қиладилар.

Саммит якунида Қўшма баёнот ва қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.

Олий мартабали меҳмон Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида учрашув ўтказиши ва Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойлари билан танишиши кўзда тутилган.

Туркманистон президентининг ташрифига тайёргарлик кўриш доирасида Тошкентда икки томонлама муносабатларни кенгайтириш ва стратегик шериклик салоҳиятини рўёбга чиқариш масалаларига бағишланган Ўзбекистон-Туркманистон илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.

Сердар Бердимуҳамедов Туркманистоннинг иккинчи президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ўғли. У жорий йилнинг 12 мартида бўлиб ўтган сайловлардан сўнг Туркманистон президенти деб эълон қилинганди. Кичик Бердимуҳамедов 72,97% овоз тўплади. Инаугурация бир ҳафтадан сўнг бўлиб ўтди. У давлат раҳбари сифатида илк хорижий ташрифини 10 июнь куни Россияга амалга оширди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ