Жорий йилнинг апрель-май ойларида Россиядан МДҲ давлатларига пул ўтказмалари ҳажми рекорд даражада бўлди ва айрим ҳолларда тарихий максимал даражага етди, деб ёзади «Коммерсант».
Масалан, Арманистон Марказий банки май ойида бутун кузатувлар тарихида мутлақ рекордни қайд этган – 266 миллион доллар Россиядан келган.Таққослаш учун март ойида бу кўрсаткич 115 миллион долларни ташкил қилган.
Грузия ҳам тарихий рекорд ўрнатилди – 313 миллион доллар, март ойида эса 27 миллион доллар тушди. Июнь ойида пул оқими 231 миллион долларгача қисқарган, бироқ ўтган йилги кўрсаткичлардан бир неча баробар юқори даражада бўлган.
Агар март ойида Қозоғистон 9,5 миллион доллар пул ўтказмасини олган бўлса, май ойида пул ўтказмалари ўн баравар кўпайиб, 94,6 миллион долларга етган. Қирғизистонга ўтказмалар март ойидаги 139,6 миллион доллардан май ойида 245,6 миллион долларга ошган.
Тожикистон ва Туркманистон учун маълумотлар келтирилмаган, Ўзбекистонга доир маълумотлар унчалик аниқ эмас. Бу ерда олти ой давомида рубль тушумлари эквивалентида 199 миллион долларни ташкил этган. Умуман олганда, апрель ойида Ўзбекистонга хориждан 1,07 миллиард доллар келиб тушган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан деярли икки баробар кўп демакдир. Май ойида 1,65 млрд доллар (ўсиш 2,7 марта), июнь ойида 2,32 млрд доллар (ўсиш 3,25 марта) ўтказилган. Республика Марказий банки раиси Мамаризо Нурмуратовнинг айтишича, ўсишнинг 95 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келади.
Россия банки апрель ойидан бери трансчегаравий ўтказмалар бўйича маълумотларни эълон қилмаган.
«Коммерсант» экспертларининг қайд этишича, Марказий Осиё мамлакатларига нақд пул оқимининг ўсиши россияликлар Россия Федерациясидан чиқиб кетганидан кейин халқаро тўлов тизимларининг ҳисоб рақамлари ва карталарини очиши билан боғлиқ. Кавказорти ўлкаларига келсак, пул ўтказмалари ҳажмининг ошиши асосан миграция билан боғлиқ: Арманистон ва Грузия Москва Украинада ҳарбий махсус операцияни бошлаганидан кейин Россия Федерациясидан чиқиб кетган кўчирувчилар учун жозибадор давлатлар қаторига кирди.
Шу билан бирга, июнь ойида бир қатор мамлакатларнинг марказий банклари трансфертлар ўсишининг секинлашишини сеза бошладилар. «Миллий тўловлар кенгаши» раҳбари Алма Обаева таъкидлаганидек, «баҳорда ваҳима ва ҳаяжон бор эди, энди ҳамма нарса тинчланди» ва «энди қўшни давлатларга пул ўтказмалари анъанавийроқ ҳажмларда амалга оширилади».