4 август куни Қирғизистоннинг Sky Elevators компанияси Россиянинг «МТК» компанияси билан Россияга лифт маҳсулотларини етказиб бериш бўйича шартнома имзолади. Бу ҳақда Еconomist.kg нашри хабар берди.
«МТК» Россиядаги Sky Elevatorsнинг расмий дистрибюторига айланди. Тез орада маҳсулотларни етказиб бериш ва жиҳозлаш ишлари бошланади.
Sky Elevators Жанубий Корея технологиялари асосида энг янги авлод ускуналарини ишлаб чиқаришга ихтисослашган Sky Industrial Group таркибига киради. Лифт ишлаб чиқариш заводи жорий йилнинг март ойида ишга туширилди, очилиш маросимида Қирғизистон Бош вазири Оқилбек Жапаров иштирок этди.
Sky Elevators компанияси йўловчи, юк-йўловчи, панорамик, касалхона лифтлари, қурилиш ва маст кўтаргичлар, кичик ва катта юк кўтаргичлар ишлаб чиқаради.
«Қирғизистондаги биринчи кўп тармоқли завод замонавий, жадал ривожланаётган лифт ускуналари ва турли конфигурациядаги юк кўтариш механизмларини ишлаб чиқариш ҳисобланади. Бутун технология Жанубий Корея, Хитой ва Қирғизистон мутахассислари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган», — дейилади компания хабарида.
Компания асосчиси Рахат Жунушбаеванинг айтишича, Sky Elevators маҳсулотларига Россиядан ташқари Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳам қизиқиш билдирмоқда.
Россия томонининг Қирғизистон лифтларига қизиқиши қисман Россия Федерациясининг Украинадаги ҳарбий махсус операцияси бошланганидан сўнг Ғарбдаги лифт ишлаб чиқарувчилари – Германиянинг ThyssenKrupp Elevator компанияси, Американинг Otis ва Финляндиянинг Kone компаниясининг Россиядан чиқиб кетиши билан боғлиқ. Уларнинг Россия бозоридаги умумий улуши 20,1% ни, биргина Otisники 16% ни ташкил этганди.
Миллий Лифт Иттифоқи маълумотларига кўра, 2021 йили Россияда режалаштирилган алмаштириш учун сотиб олинган 46 000 та лифтдан 34 000 таси Россияда, яна 7 000 таси Беларусда ишлаб чиқарилган.