Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарига нисбатан очилган жиноий иш тўхтатилди

АЛИМҚОДИР БЕЙШЕНАЛИЕВ . NAZARNEWS.ORG САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазири Алимқодир Бейшеналиевга нисбатан қўзғатилган жиноий иш унинг ҳаракатларида жиноят таркиби йўқлиги сабабли ёпилди. Бу ҳақда 24.kg агентлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарининг адвокати Қайсин Абакировга таяниб хабар берди.

Бейшеналиев атайин фойда келтирмайдиган шартнома тузганликда ва COVID-19 вакцинасининг деярли 2,5 миллион қўшимча дозасини сотиб олганликда айбланган. Текширув вакциналарни харид қилиш бўйича барча қарорлар парламент билан келишилган ҳолда ҳукумат қарорлари асосида, ўша пайтда мамлакатда ҳукм сурган ўткир эпидемиологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда қабул қилинганини аниқлади.

«Давлатга моддий зарар етказилмаган, республика аҳолиси COVID-19 га қарши вакциналар билан таъминланган. 13 миллион 454 минг долларлик давлат харажатлари Жаҳон банки томонидан қопланди», — дейди ҳуқуқшунос.

Унинг қўшимча қилишича, Бейшеналиев Соғлиқни сақлаш вазири лавозимига қайта тикланиши учун тўлиқ ҳуқуққа эга.

Бейшеналиев 2 июнь куни қўлга олиниб, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов изоляторига жойлаштирилган. Унга нисбатан 7 та жиноий иш бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум бўлганди. Улардан бири коррупция (бу коронавирусга қарши вакциналар сотиб олиш билан боғлиқ), иккитаси пора ундириш, тўрттаси эса мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, фойдасиз шатнома тузиш ва қасддан жиноят содир этиш моддалари бўйича қўзғатилган.

Бейшеналиев билан биргаликда вазир ўринбосари Улук-Бек Бектурганов, Республика эмлаш маркази директори Гулбара Ишенаписова ва Дори воситалари ва тиббиёт буюмлари департаменти бошлиғи Султон Сатарбеков вакциналарни харид қилишда коррупцияга алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинган. Уларнинг барчаси тергов изоляторига жойлаштирилган, бироқ икки ҳафтадан сўнг улар (Сатарбековдан ташқари) уй қамоғига ўтказилган.

Бейшеналиев 2020 йил октябрь ойида, коронавирус эпидемияси авжига чиққан пайтда Соғлиқни сақлаш вазири бўлган эди. У COVID-19 ни иссиқкўлнинг заҳарли илдизи аконит дамламаси билан даволашни таклиф қилганди. Бейшеналиев ҳатто жонли эфирда аконит қайнатмасини ичиб, совуқ дамламанинг ўлимга олиб келишини, лекин уни иссиқ ҳолда истеъмол қилинса, ковид белгилари йўқолишини таъкидлаган.