Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги бошқармаси Тожикистондаги афғон қочқинларининг аҳволидан хавотир билдирди, зеро уларнинг аксарияти ҳибсга олиниб, депортация қилинмоқда. Бу ҳақда БМТ матбуот хизмати хабар берди.
«Тожикистон қочқинларни ҳибсга олиш ва депортация қилишни, одамлар ҳаётига аниқ хавф соладиган ҳаракатларни тўхтатиши керак», — деди БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги матбуот котиби Элизабет Тан. Унинг эслатишича, қочқинларнинг мажбурий қайтарилиши қонунга ва қочқинлар бўйича халқаро ҳуқуқнинг асоси бўлган қайтариб юбормаслик тамойилига зиддир.
БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги беш нафар афғоннинг депортация қилиниши билан боғлиқ воқеани эслатиб ўтди, улар орасида бир аёл ва унинг уч фарзанди бўлган. Олий комиссарлик аралашувига қарамай, улар 23 август куни Тожикистон шимоли-шарқидаги Панчи Поён чегара пункти орқали Афғонистонга мажбуран қайтарилган.
БМТ матбуот хизматининг қайд этишича, 2021 йилдан бери БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги Тожикистонда қочқинларни ҳибсга олиш, мамлакатдан чиқариб юбориш ва халқаро ҳимояга муҳтож бўлганларнинг киришини тақиқлаш тўғрисида буйруқ чиқариш билан боғлиқ кўплаб ҳолатларни қайд этган.
2021 йил август ойида БМТнинг Қочқинлар бўйича олий комиссарлиги Афғонистон бўйича ўзининг универсал тавсияларини эълон қилди. Ушбу қўлланма 2022 йил февраль ойида янгиланган. Ҳар икки ҳужжат ҳам барча давлатларни афғон фуқароларини мажбуран қайтаришни тақиқлашга чақиради.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти афғонлар Тожикистонда ҳимоя ва адолатли ва самарали бошпана механизмидан фойдаланиш имкониятига эга бўлиши кераклигини таъкидлади. Уларнинг ўз ватанига мажбуран қайтиши халқаро ҳуқуқнинг жиддий бузилиши ҳисобланади.
«Биз Тожикистон ҳукуматини Афғонистондаги можаро ва таъқиблардан қочганларга ҳудудга кириш ҳуқуқини беришга ва кейинги депортацияларни тўхтатишга чақирамиз», — дея қўшимча қилди БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги матбуот котиби Элизабет Тан. У Афғонистондаги аёллар ва қизлар ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни эслади.
«Озоди» (РФда хорижий агент сифатида тан олинган «Озодлик» радиосининг тожик хизмати) хабарига кўра, ўтган ҳафта давомида Тожикистон ҳукумати камида 9 нафар Афғонистон фуқаросини мамлакатдан чиқариб юборган. «Давлат хавфсизлик ходимлари қочқинларни Афғонистон билан чегарага олиб келиб, мамлакатдан чиқариб юборишган. Нага бундай ҳолат юз берди, биз билмаймиз. Айрим афғон қочқинлари ҳужжатларни текшириш учун маҳаллий давлат хавфсизлик бўлимларига таклиф қилинган, баъзилари эса тўғридан-тўғри уйларидан олиб кетилган», — дейди исми сир қолишини истаган «Озоди» манбаси.