Ўзбекистонда Сурия президентининг ШҲТ саммитига келишига доир хабарни рад этдилар

Ўзбекистоннинг ШҲТ ишлари бўйича миллий координатори Раҳматулла Нуримбетов. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона" АА

Ўзбекистон 15—16-сентябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммитига Сурия президенти Башар Асадни таклиф этиш масаласини кўтармаган. Бу ҳақда 26 август куни Ўзбекистоннинг ШҲТ ишлари бўйича миллий координатори Раҳматулла Нуримбетов маълум қилди, деб хабар беради «Фарғона» ахборот агентлиги мухбири.

«ШҲТ доирасида ҳеч бир жойда, ҳеч қандай даражада Асад масаласи муҳокама қилинмаган. Биз сохта хабарлар даврида яшаяпмиз. Сурия президентини таклиф қилиш масаласи, айниқса, Ўзбекистон томонидан кўтарилмаган», — деди Нуримбетов.

Бундан олдин Эроннинг Tasnim агентлиги ўз манбаларига таяниб, Самарқандда бўлиб ўтадиган ШҲТ саммитида Сурия президенти Башар Асад ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг эҳтимолий учрашуви ҳақида хабар берганди.

Икки давлат раҳбарлари 2011 йилдан бери гаплашмайди. Август бошида Туркиянинг Turkiye газетаси Эрдўғон ва Асад телефон орқали мулоқот қилиши мумкинлиги ҳақида хабар берганди. Туркия Ташқи ишлар вазирлиги бўлажак музокаралар ҳақидаги маълумотни рад этди. Вазир Мевлут Чавушўғли Сурия билан тўғридан-тўғри алоқалар ҳақида энди «гап ҳам бўлиши мумкинмас» деганди.

8 август куни Ражаб Тоййиб Эрдўғон яқин келажакда Суриянинг «охирги ҳудуди»ни террорчилардан тозалаш ниятида эканини маълум қилганди. У Туркия Сурия шимолида янги ҳарбий операция бошлашга тайёр экани ҳақида огоҳлантирди. Сурия шимолини қисман назорат қилаётган, АҚШ томонидан қўллаб-қувватланган курд жангарилари ва Сурия расмийлари вазият Туркия томонидан кескинлаши мумкинлигини ҳисобга олиб, мудофаа режасини ишлаб чиқа бошлаганлар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ