Эрон-Туркманистон чегарасидаги «Гауран Бажгиран» бозори орадан уч йил ўтиб иш бошлади

"Гаудан-Бажгиран" бозорининг очилиш маросими. mehrnews.com сайти фотосурати

Эрон ва Туркманистон чегарасидаги божсиз савдо маскани бўлмиш «Гаудан-Бажгиран» коронавирус пандемияси туфайли ёпилганидан 34 ой ўтиб фаолиятини қайта тиклади. Бу ҳақда Эрон расмий вакили Аболфазл Чамандийга асосланиб, Mehr агентлиги хабар берди.

Расмийга кўра, ҳар йили Туркманистонга Эрондан 4 миллион доллардан ортиқ, Туркманистондан эса 500 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинган. Чамандий, шунингдек, бозор фаолияти Эроннинг Хуросон-Разави вилоятидаги саноат устахоналари фаолияти ва 700 дан ортиқ тўғридан-тўғри ва билвосита иш ўринлари яратишда муҳим роль ўйнашини таъкидлади.

Чегара бозори ишини тиклаш масаласи бундан олдин Авазада Эрон Ташқи ишлар вазирининг иқтисодий дипломатия бўйича ўринбосари Меҳди Сафари ва Туркманистон Ташқи ишлар вазири Рашид Мередовлар томонидан муҳокама қилинганди. Шу билан бирга Сафари божларни камайтириш ва Хуросон вилоятидаги Парсес чегара пунктини очишни таклиф қилганди.

Туркманистон матбуотининг ёзишича, жорий йилнинг июнь ойида Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг Эронга ташрифи чоғида эришилган келишувлар туфайли савдо пункти фаолиятини давом эттиришга қарор қилинган.

Туркманистон ҳукумати 2020 йил февраль ойида қўшни давлатда коронавирус тарқалиши сабабли Эрон билан чегарасини бутунлай ёпган эди. Бу эса ўз навбатида пештахталарда форс товарлари, жумладан, сигарет ва алкоголсиз ичимликларнинг йўқолиб кетишига, шунингдек, мева ва сабзавотлар нархининг ошишига олиб келди, зеро уларнинг катта қисми Эрондан келтириларди.

Туркманистоннинг ўзида озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш қарийб 40% ни ташкил этади, қолган қисми импорт қилинади. Turkmen.News маълумотига кўра, Туркманистон импортининг қарийб 80 фоизи қайсидир маънода Эрон билан боғлиқ: маҳсулотлар ё шу давлатда ишлаб чиқарилади ёки Эрон орқали Туркманистонга етказилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ