Қорақалпоғистонда июль воқеаларига дахлдор 24 нафар шахс ҳибсдан озод этилди

ҲИБСДАН ОЗОД ЭТИЛГАН ҚАРОҚАЛПОҒИСТОНЛИКЛАР. NDEPENDENT COMMISSION_UZ TELEGRAM-КАНАЛИ ФОТОСУРАТИ

Июль ойидаги тартибсизликларда иштирок этганликда гумон қилинган 24 нафар Қорақалпоғистон фуқароси давлат кафолати остида уйларига қўйиб юборилди. Бу ҳақда Independent Commission uz Telegram-канали хабар берди.

Уларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги эҳтиёт чораси уй қамоғи билан алмаштирилди, улар жамоатчилик назорати остида бўладилар.

Суверен республикада содир бўлган воқеаларни мустақил тергов қилиш комиссиясининг Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси билан биргаликда Ўзбекистон Бош прокуратурасига юборилган таклифига асосан эҳтиёт чорасини юмшатиш тўғрисидаги қарор қабул қилинди.

Комиссия июль ойидаги тартибсизликлар пайтида қилган қилмишидан пушаймон бўлган фуқаролар рўйхатини тузди. Унга вояга этмаган болалари бор ёки оилаларида ягона боқувчи бўлган қорақалпоғистонликлар киради.

Яккама-якка шаклда ўтказилган суҳбат давомида улар вазиятни яхши англамаган ҳолда ёлғон ахборотлар таъсирига тушиб қолишганини ва содир этган қилмишига чин кўнгилдан пушаймон эканликларини билдиришган. Айниқса, аёллар фарзандларини жуда соғинишганини ва бўлиб ўтган воқеалардан тўғри хулоса чиқаришганини маълум қилишган.

Комиссия мазкур шахсларга инсонпарварлик тамойилини қўллаган ҳолда жамоатчилик кафиллиги асосида уларга маҳаллий туман кенгашлари депутатларини бириктириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига мурожаат киритди.

Икки орган биргаликда пушаймон бўлган шахслар учун озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги эҳтиёт чорасини уй қамоғи ва жамоатчилик назорати билан алмаштириш бўйича таклиф ишлаб чиқди ва Бош прокуратурага юборди.

15 июль куни Ўзбекистон парламентида 1-2 июль кунлари Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалар юзасидан мустақил текширув ўтказиш бўйича комиссия тузилди. Унга Омбудсман Феруза Эшматова раҳбарлик қилди. Комиссия таркибига депутатлар, нодавлат нотижорат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари ва ходимлари киради.

Эслатиб ўтамиз, июль ойи бошида Қорақалпоғистонда Ўзбекистон Конституциясига республикани суверенитетидан маҳрум қилишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилишига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтган эди. Тартибсизликлар пайтида, расмий маълумотларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, 300 га яқин киши, жумладан, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва ҳарбийлар яраланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ