«Ҳудудий электр тармоқлари» идоралари қуёш панеллари билан жиҳозлана бошланди

het.uz сайти фотосурати

Ўзбекистонда «Ҳудудий электр тармоқлари» ОАЖ биноларига қуёш батареяларини ўрнатиш бошланди. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар берди.

Аввало, панеллар ОАЖ бош офисининг томига ўрнатилди.

Solar Nature компанияси 192 та қуёш панелли фотоэлектр қурилмасини ўрнатди. Унинг қуввати 110 кВт. Ҳозирда қурилмани электр таъминоти тизимига улаш ишлари олиб борилмоқда. Станция ишга туширилгач, йилига 361 минг кВт/соатдан ортиқ электр энергияси тежалиши кутилмоқда.

Июнь ойида Жаҳон банкининг Ўзбекистонга ижтимоий биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш лойиҳаси учун 143 миллион доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратиши тўғрисида қарори хабар қилинганди. Лойиҳа доирасида республиканинг барча ҳудудларида мактабгача таълим, халқ таълими ва соғлиқни сақлаш соҳаларида 800 дан ортиқ муассасани модернизация қилиш режалаштирилган. Улар иссиқлик изоляцияси ва иситиш, вентиляция, кондиционер ва ёритиш тизимларини яхшилайди. Кўмир билан ишлайдиган қозонхоналар қайта тикланадиган энергия манбаларига асосланган иситиш ва сув иситиш тизимларига алмаштирилади, жумладан, иссиқлик насослари ва қуёш коллекторлари билан бирлаштирилган қуёш панеллари ўрнатилади.

Ўзбекистон ҳукумати 2030 йилга қадар қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланишни мос равишда 8 ва 7 фоизга етказишни режалаштирмоқда. Кейинги ўн йилликда 30 ГВтгача қўшимча энергия манбаларини, жумладан, 5 ГВт қуёш, 3,8 ГВт сув ва 3 ГВтгача шамол станцияларини ишга тушириш режалаштирилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда «Рассом ва табиат» XL юбилей кўргазмаси бўлиб ўтди

  • Нима учун Ўзбекистон яна бир бор газ тақчиллигига дуч келгани ва яна бир бор ёқилғи қуйиш шохобчалари фаолиятини чеклагани ҳақида

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Россия матбуоти «нато» снарядлари туфайли Қозоғистонга ҳужум қила бошлади