Ашхобод ҳокимлиги чиқиндиларни йиғиш орқали «мамлакатни шарманда қилаётган» фуқароларни овлашни бошлади

Чиқинди йиғувчилар. hronikatm.com сайти фотосурати

Ашхобод ҳокимияти одамларга кўчада пластик бутилкаларни йиғишни тақиқлашга қарор қилди, чунки расмийларга кўра, бу билан одамлар «мамлакатни шарманда қилишмоқда». Бу ҳақда «Хроника Туркменистана» нашри хабар берди.

Нашрнинг қайд этишича, чиқиндиларни йиғиш пунктларида навбатчилик қилаётган полиция ходимлари Туркманистон пойтахтида қайта ишланадиган материаллар йиғувчиларни ушлаш билан шуғулланади. Қоидага кўра, қўлга тушган одамлар шишаларни йиғиш тақиқлангани ҳақида огоҳлантирилади. Гарчи, чиқинди йиғувчиларнинг сўзларига кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари одамларни 50 манат (қора бозор курси бўйича 1,5 доллар) миқдорида жаримага тортган ҳолатлари ҳам бўлган.

Полиция ўз ҳаракатини одамларни фақат уй-жой коммунал хўжалигида рўйхатдан ўтган кўча тозаловчилар қайта ишланадиган нарсаларни йиғиш ва топшириш ҳуқуқига эга экани тўғрисида огоҳлантираётгани билан изоҳлайди. Уларнинг кўпчилиги аввал қўшимча даромад олиш учун ўзлари билан иш жойига қоп олиб, кўчадан идишларни йиғишган. Аммо улар фақат иш кунлари, кундузлари ишлашади.

Пластик бутилкаларни йиғиштириб, уларни қайта ишлаш марказларига килограмми 2 манатдан (қора бозор курси бўйича 0,06 доллар) топшириш Ашхободнинг камбағал аҳолиси учун пул топиш усулларидан бири ҳисобланади. Одамлар бу тақиқ вақтинчалик бўлишига умид қилишмоқда, зеро уларнинг иши бировга халақит бермайди, бу ишлар пул топиш имкониятини беради ва шаҳар тозаланади.

Охирги йилларда мустақил оммавий ахборот воситалари Туркманистон фуқароларининг ахлат қутиларини ковлаётгани ёки уйма-уй юриб тиланчилик қилаётгани ҳақида мунтазам хабар бермоқда. Бу одамларнинг баъзилари шу йўл билан «қўшимча пул топиш» учун вилоятлардан Ашхободга келишади. Туркманистон ҳукумати иқтисодий инқироз ва оммавий ишсизлик мавжудлигини тан олмайди. Расмий версияга кўра, мамлакатда «қудрат ва бахтиёрлик даври» ҳукм сурмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ