Қирғизистон прокуратураси журналист Алишер Соиповнинг ўлдирилиши билан боғлиқ иш тугатилганини маълум қилди

Алишер Саиповнинг ўлимидан олдинги сўнгги сурати. Шоҳида Тўлаганова фотосурати

Қирғизистонлик таниқли журналист Алишер Соиповнинг ўлдирилиши бўйича жиноий иш тўхтатилди. Бу ҳақда «Азаттик»га (Россия Федерациясида хорижий агент сифатида тан олинган «Озодлик» радиосининг қирғиз хизмати) Қирғизистон Бош прокуратураси матбуот котиби Сирожиддин Камолидинов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, журналистнинг ўлимида айбланаётганларни топиш ва шахсини аниқлашнинг имкони бўлмагани учун иш ёпилган.

ℹ️ Алишер Соипов Фарғона водийсидаги ўткир муаммолар, 2005 йил май ойидаги Андижон воқеалари, терроризмга қарши кураш, минтақада тақиқланган исломий ташкилотлар ва ҳаракатлар ҳақида «Фарғона.Ру», «Америка Овози», «Азаттик», ВВC ахборот агентликлари билан ҳамкорлик қилган, умрининг сўнгги йилларида ўзбек тилида «Сиёсат» газетасини чиқарган. Унга нисбатан тез-тез таҳдидлар бўлган. Қирғизистондаги махсус хизматлар журналистни вақти-вақти билан «тушунтириш суҳбатлари»га таклиф қилишган ва Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида унга нисбатан тазйиқлар бошланган.

Соипов 26 ёшида отиб ўлдирилган. 2007 йил 24 октябрь куни кечқурун Ўш ИИБ навбатчилик қисмига номаълум шахсдан Алишернинг ўқ жароҳатлари олган жасади Масалиев кўчаси йўл четида ётгани ҳақида хабар келиб тушади. Иккита ўқ унинг бошига теккан, яна бири ўнг оёғини тешиб ўтган.

Қотиллик содир этилган жойдан «ПМ» тўппончасининг 9 мм калибрли учта патрони ва Canon фотоаппарати олинган. 2007 йил 24 ноябрида Ўш ИИБ тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилган, бироқ 24 декабрда тергов тўхтатилган.

2009 йил 24 февралга ўтар кечаси Абдуфарид Расулов Боткен вилоятида қўлга олинади, унинг ёнидан 9 мм калибрли «ПМ» тўппончаси борлиги аниқланган. Орадан уч ой ўтиб унинг қуролларини текширган экспертлар фош этилмаган жиноятларнинг ўқ қутилари базасидан Соипов ўлдирилиши содир бўлган жойдан топилган гильзалар Расулов қуролидан отилганини аниқлайдилар.

2010 йилнинг баҳорида Ўш шаҳар суди Расуловни Соиповнинг қотиллигида айбдор деб топиб, 20 йилга озодликдан маҳрум қилган. Ноябрь ойида мамлакат Олий суди ҳукмни ўз кучида қолдирган.

2012 йили терговга қотиллик содир этилган куни Расулов қариндошлари билан дам олишда бўлганлиги акс этган видеокассета келиб тушгач, унинг иши қайта кўриб чиқилиб, тез орада қўйиб юборилган. Жиноят иши 2013 йил 6 декабрда тўхтатилган.

2019 йили Алишер Соиповнинг ўлдирилишига доир иш яна кўтарилиб, ўрганилган, шундан сўнг август ойида Ўш вилояти прокуратураси терговчи қарорини бекор қилган, тергов қайта бошланган

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ