Қирғизистон чегара хизматида «Байрактар»лар базаси пайдо бўлди

Садир Жапаров дронлар базасида. Қирғизистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) Чегара хизматида дрон базаси пайдо бўлди. У 13 сентябрь куни мамлакат президенти Садир Жапаров иштирокида очилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Жапаров чегарачилар билан суҳбатда ўтган йили биринчи марта республика бюджети ҳисобидан чегара хизмати учун дронлар харид қилинганини эслади. Унинг таъкидлашича, база чегараларни қўриқлаш бўйича қуруқликдаги қўшинлар ва Қуролли Кучлар ҳарбий қисмларининг ҳаво ҳужумидан мудофаа бўйича асосий вазифаларини бажаради.

Матбуот хизматининг аниқлик киритишича, «Байрактар» дронларини тегишли тайёргарликдан ўтган Чегара қўриқлаш хизмати ходимлари бошқаради.

Президент харид қилинган техниканинг эксплуатация имкониятларидан фақат Қирғизистон суверенитетини ҳимоя қилишга қаратилган машғулотларда қўлланилишига умид билдирди.

«Мен ҳар доим Қирғизистон тинчликпарвар давлат эканини айтиб келганман. Қуролли Кучларимизни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларимиз фақат мудофаага қаратилганини алоҳида таъкидлайман», — деди Жапаров.

База қаерда жойлашгани ҳақида хабар берилмаган.

«Байрактар» дронлари Туркиядан давлат бюджети ҳисобидан сотиб олиниб, 2021 йил охирида Қирғизистон Чегара хизматида фойдаланишга топширилган. Улар жорий йилнинг март ойида «Қалқон-2022» махсус-тактик ўқув машғулотларига жалб қилинган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди