Туркия туркман расмийлари илтимосига кўра Туркманистон билан визасиз режимни бекор қилди

Hronikatm.com сайти фотосурати

Туркия Туркманистон билан виза режимини жорий қилди. Тегишли фармонни давлат раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўғон 13 сентябрь куни имзолади, дея хабар беради «Туркия Республикасининг расмий газетаси».

Ушбу ҳужжат Туркия Вазирлар Кенгашининг 2007 йил 19 июлдаги 2007/12441-сон қарорини бекор қилади, унга кўра оддий паспортга эга Туркманистон фуқаролари Туркияда 30 кунгача туристик мақсадларда визасиз қолишлари мумкин эди.

turkmen.news манбаларига кўра, Туркманистонда Туркия визаларини расмийлаштириш билан Ашхободдаги айланма йўлда жойлашган Gateway International компанияси шуғулланган. Улар оилавий, меҳмон, талаба ва туристик визалар учун ҳужжатларни қабул қиладилар, туристик ва меҳмон визалари учун эса Туркия фуқароларидан таклифномалар керак бўлади. Визанинг ўзи 85 доллар туради, шунингдек 65 долларга суғурта қилиниш лозим.

COVID-19 пандемиясидан олдин Туркия Туркманистон билан бир вақтнинг ўзида визасиз режим ва тўғридан-тўғри рейслар амалга ошираётган ягона давлат эди. Шу туфайли Туркия туркман меҳнат миграцияси учун энг машҳур манзилга айланганди.

Жорий йил сентябрь ойи бошида расмий Ашхобод Туркманистон фуқаролари учун визалар жорий этиш илтимоси билан Туркияга мурожаат қилган эди. Бу туркман фуқароларининг Туркия Республикаси ҳудудида «бўлиш қоидаларини такомиллаштириш ва тизимли равишда тартибга келтириш» зарурати билан изоҳланди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ