Қирғизистон президенти Садир Жапаров Қирғизистон чегарадасиги вазият кескинлашгани сабабли ШҲТ саммитини тарк этади. Бу ҳақда Жогорку Кенеш (Қирғизистон парламенти) спикери Талант Мамитов парламент биноси яқинидаги намойишчилар олдида гапирди, деб ёзади 24.kg.
Унга кўра, президент Самарқанддан соат 17:00да (Москва вақти билан 14:00) учади ва учрашув ўтказади.
Бугун тонгда депутатлар чегарадаги вазият юзасидан навбатдан ташқари йиғилиш ўтказишган. Натижада иккита штаб – Бишкек ва Ўшда ташкил этишга қарор қилинган. Бу ерда Боткен аҳолисига инсонпарварлик ёрдами қабул қилинади, штаб ходимлари ҳарбий ҳаракатлар кетаётган қишлоқларда тинч аҳолини эвакуация қилишга ёрдам беради.
Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида йирик тўқнашувлар 16 сентябрь куни эрталаб бошланган. Томонлар бир-бирини отишмада айбламоқда. Тожикистоннинг кўп зарбали ракета системалари Боткен аэропорти яқинлари ва шаҳар четидаги объектларни ўққа тутгани ҳақида хабарлар бор. Қирғизистон томони ўз бўлинмалари Тожикистон чегарасининг «Ляккан» ва «Боғдари» постларига ҳужум қилгани ва Тожикистон томонининг катта миқдордаги оғир техникасини йўқ қилганини маълум қилди.
Тожикистон томонининг норасмий маълумотларига кўра, Қирғизистон ҳудудидан ўқлар ёғдирилиши туфайли бир чегарачи ҳалок бўлган, уч нафари яраланган. Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларни янгилаб, 42 та инсон жабрланганини маълум қилди.
Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Тожикистонга норозилик нотаси юборди. Боткен вилоятининг Боткен ва Лейлек туманларининг еттита чегарадош қишлоғи аҳолиси ўз уйларини тарк этган.