Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарлари ўт очишни тўхтатиш ва чегарадан қўшинларни олиб чиқишга келишиб олдилар

president.kg сайти фотосурати

16 сентябрь куни Самарқандда бўлиб ўтаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон учрашди.

Икки давлат раҳбарлари икки кундан бери қуролли тўқнашувлар тўхтамаётган чегарадаги вазиятни муҳокама қилдилар. Учрашув якунлари бўйича томонлар тегишли тузилмаларга ўт очишни тўхтатиш, қўшин ва воситаларни ўзаро тўқнашув чизиғидан олиб чиқиш бўйича кўрсатмалар беришга келишиб олдилар.

Икки давлат Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбарлари – Қамчибек Ташиев ва Саймўмин Ятимов жойларда иш олиб боришади, ҳодисанинг ҳолатлари ва сабабларини ўрганиш учун комиссия тузилади.

Шунингдек, давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича Қирғизистон ва Тожикистон ҳукуматлараро комиссияси ишини тезлаштириш бўйича ҳам келишувга эришилди.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумотларига кўра, ҳозирда Қизил-Бел постида икки томон вакиллари «ўт очишни тўлиқ тўхтатиш ва вазиятни янада барқарорлаштириш бўйича эришилган келишувларни амалга оширишни ташкил этиш бўйича ҳамкорликни давом эттирмоқда».

Эслатиб ўтамиз, икки президентнинг учрашуви ҳақидаги маълумот Қирғизистон президенти матбуот хизмати томонидан тарқатилган. Тожикистон томони ҳозирча икки давлат раҳбарларининг музокаралари ва унинг натижаларини расман эълон қилгани йўқ.

Бугун эрталаб икки давлат чегарасида вазият яна кескинлашди. Тожикистоннинг бир нечта кўп зарбали ракеталари Боткен аэропорти ва шаҳар четидаги объектларни нишонга олгани хабар қилинган. Қирғизистон томони, ўз навбатида, ўз бўлинмалари Тожикистоннинг «Ляккан» ва «Боғдари» чегара постларига ҳужум қилгани, у ерда «катта миқдорда» оғир техникани йўқ қилганини маълум қилган.

Норасмий маълумотларга кўра, можаро натижасида тожик томондан етти киши ҳалок бўлган (Sputnik-Таджикистан шундай маълумотларни келтиради). Улардан олти нафари — тахминан бир оила аъзолари бўлиб, уларнинг уйи миномётдан ўққа тутилган. Аввалроқ яна бир чегарачи ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди. 14 киши жароҳатланган.

24.kg агентлиги хабарига кўра, Қирғизистоннинг Достук қишлоғида яшовчи 15 ёшли қиз можаро чоғида ҳалок бўлган. Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 42 киши жароҳат олганини маълум қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ