Қирғизистонда чегарадаги жанглар оқибатида ҳалок бўлганлар учун мотам куни эълон қилинди

Қирғизистонлик рассом Вера Андрианованинг чегарадаги қуролли тўқнашувларга бағишланган асари: пошна изи, қонли кўлмак ва топталган Боткен рамзи — Ойгул чечаги

Қирғизистон президенти Садир Жапаров имзолаган фармонга кўра, 19 сентябрь Тожикистон билан чегарадаги ҳарбий ҳаракатлар натижасида ҳалок бўлганлар хотирасига миллий мотам куни деб эълон қилинган. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Ҳужжатда таъкидланишича, миллий мотам куни бутун республикада, шунингдек, Қирғизистоннинг хориждаги дипломатик ва консуллик муассасалари биноларида давлат байроқлари ярмига туширилади. Маданият муассасалари ҳамда телерадиокомпанияларга кўнгилочар тадбирлар ва дастурларни бекор қилиш тавсия этилади.

Эслатиб ўтамиз, 16 сентябрь куни Қирғизистон ва Тожикистон чегарасидаги бир нечта участкаларда бирданига отишмалар бошланган эди. Қирғизистон ҳудудидаги Лейлек ва Боткен туманларидаги аҳоли пунктлари ўққа тутилган.

Қирғизистон расмийларига кўра, Тожикистон Республикаси «Қирғизистон чегарасига қўшинларини олдиндан тортиб, қуролли кучлар ва оғир ҳарбий техникаларни қўллаган ҳолда, Қирғизистон Республикаси Боткен вилоятининг Боткен ва Лейлек туманларидаги қирғиз-тожик давлат чегараси бутун периметри бўйлаб чегараолди ва фуқаролик объектларига асоссиз ҳужум уюштирган, шу жумладан, Боткен вилояти маркази Боткен шаҳри ўққа тутилган».

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 19 сентябрь куни эрталаб қуролли тўқнашувда 59 киши ҳалок бўлган, 163 киши тиббий ёрдам сўраган. Боткен ва Лейлек туманларининг етти нафар чегарадош қишлоғи, шунингдек, Ўш вилоятининг Чўн-Олой туманидаги Жекенди қишлоғи аҳолиси уйларини тарк этган.

Тожикистон томонига кўра, 16 сентябрь куни қирғиз ҳарбийлари отишма бошлаган, сўнг улар Тожикистон ҳудудидаги аҳоли пунктларига ҳужум қилган. «16 сентябрь куни соат 06:30 да Қирғизистон махсус кучлари ҳарбий хизматчилари Исфара шаҳри Чилгази маҳалласи Боғдори қишлоғи ҳудудига бостириб кириб, маҳаллий аҳолининг 16 та уйини ёқиб, талончилик қилган. Бу ҳақда Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) баёнот берди.

Вазирлик қирғиз ҳарбийларининг ҳужумидан фуқаролик инфратузилма объектлари, хусусан, Шўроб электр тармоғи ва Чорқишлоқ қишлоғидаги кўприк зарар кўрганини таъкидлади. «17 сентябрь куни соат 11:50 да Қирғизистон ҳарбий хизматчилари Тожикистоннинг Лахш туманидаги Тожварон қишлоғини кўп зарбали ракета тизимлари ёрдамида ўққа тутди. Ушбу ҳужум натижасида бир неча тинч аҳоли, жумладан аёллар ва болалар тан жароҳати олди, 3 та турар-жой биноси вайрон бўлди. Қирғизистонлик ҳарбий хизматчилар кун давомида Лахш вилоятининг чегара зонасидаги аҳоли пунктларини ракеталардан уч марта ўққа тутган», — дейилади Тожикистон ТИВ хабарида.

Расмий маълумотларга кўра, Тожикистон томонидан 28 ҳарбий хизматчи ва тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган, ярадорлар сони келтирилмаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ