Бишкек суди Next TV телеканали директорини қамоқ жазосига ҳукм қилди ва суд залида қўйиб юборди

Таалайбек Дуйшенбиев. 24.kg сайти фотосурати

Бишкекнинг Первомайский туман суди мустақил Next TV телеканали директори Таалайбек Дуйшенбиевни айбдор деб топиб, беш йилга озодликдан маҳрум қилди. Шу билан бирга, Дуйшенбиевга уч йил муддатга синов назорати тайинланган ҳолда унинг мамлакатдан чиқиб кетиши тақиқланиб, суд залида қўйиб юборилди, деб ёзади 24.kg.

Айблов томони журналистни 7 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўраган.

Дуйшенбиев 3 март куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) ходимлари томонидан қўлга олинган. Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг таъкидлашича, Next TV телеканали ижтимоий тармоқлардаги ресурсларидан фойдаланиб, «Украина ҳудудидаги махсус операция давомида Қирғизистон томонидан Россияга ҳарбий ёрдам кўрсатиш бўйича гўёки эришилган келишув ҳақида ёлғон маълумот тарқатган» ва бу билан этник адоватни қўзғатишга ҳисса қўшган.

Next TV эса қонунни бузмаганлиги, Телеграм каналларидан бирида Қозоғистон махсус хизматларининг собиқ раҳбари манбасига таянган ҳолда эълон қилинган материални қайта нашр қилганини айтиб, эътироз билдирган.

Ҳибсга олинганидан кейин Дуйшенбиев тергов изоляторига юборилган, Next TV телеканали эса умуммиллий кўрсатувлар тизимидан узиб қўйилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ