Белгороддаги полигонда ҳалок бўлганлардан бири Тожикистон фуқароси экани маълум бўлди

Эҳсон Аминзода, «Озоди» фотосурати

«Озоди» радиоси («Озодлик» радиосининг тожик хизмати, РФда хорижий агент сифатида тан олинган) муштарийлар ёрдамида Россиянинг Белгород шаҳри яқинидаги ҳарбий полигонда ҳалок бўлганлардан бирининг шахсини аниқлади. Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Белгород вилоятидаги Ғарбий ҳарбий округи полигонида МДҲ давлатларидан бирининг икки фуқароси томонидан террорчилик ҳаракати содир этилган. Полигонда содир этилган теракт натижасида 11 киши ҳалок бўлган, 15 киши яраланган, отишмани бошлаган одамлар жавоб ўқларидан ҳалок бўлган.

24 ёшли Эҳсон Аминзода (Эҳсони Тожиддин) яқинларининг «Озоди» радиосига айтишича, у Москвадаги ресторанлардан бирида ишлаган ва Украинадаги урушда қатнашиш ниятида бўлмаган. Эҳсон Аминзода, яқинларига кўра, 10 октябрь куни Москвадаги «Люблино» метро бекатида ғойиб бўлган, 16 октябрь куни эса Россия расмийлари унинг ўлими ҳақида маълум қилишган.

Эҳсоннинг отаси Тожиддин Аминзода 17 октябрь куни «Озоди» радиоси билан телефон орқали суҳбатда ўғлининг вафот этганини тасдиқлаган, бироқ ўзини ёмон ҳис қилаётгани ва бу мавзуда гапира олмаслигини айтган.

Эҳсон Аминзоданинг укаси Фируз Аминзода Москвадан «Озоди» радиосига берган интервьюсида акаси Россияга етти ой аввал келгани ва пойтахт ресторанларидан бирида ишлаганини айтган.

«Акамнинг Россия фуқаролиги йўқ эди, у патент бўйича ишлаган. Мени Ҳарбий прокуратурага чақиришди. Эҳсон Белгород вилоятидаги полигонга қандай этиб бориб қолганини билмайман. Менинг акам террорчи эмас, оддийгина рўзғор тебратиш ниятида юрган мингрант эди холос», — дейди Фируз Аминзода. Унинг сўзларига кўра, 10 октябрь куни кечқурун акаси унга қўнғироқ қилиб, оғайнилариникига боришини айтган. Ўша оқшомдан бери Эҳсоннинг телефони ўчиқ бўлган. «Акам радикал эмас эди», – дейди Фируз Аминзода.

Эҳсоннинг дўстларидан бири исмини ошкор қилмаслик шарти билан «Озоди» радиосига у Украинадаги урушда қатнашиш нияти йўқлигини, лекин пул ишлаб, ватанига қайтиб, уйланмоқчи эканини айтган. «Ҳаммамиз шокдамиз. Биз Эҳсонни изладик, балки дўстларидан бириникида бўлгандир ёки Тожикистонга қайтиб кетгандир, деб ўйладик. У радикал эмас, бошқа ёшлардан фарқ қилмасди. Агар у исломий радикал бўлганида, ҳеч қачон ресторанда ишламаган бўларди», — дейди манба.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ