15 йил аввал отиб ўлдирилган журналист Алишер Соиповнинг оиласи қотиллик бўйича терговни қайта бошлашни талаб қилди

Шоҳрух Соиповнинг Facebookдаги (РФда эстремист деб топилган Meta корпорацияга тегишли ушбу ижтимоий тармоқ Россияда тақиқланган) саҳифасидан олинган фотосурат

Қирғизистонлик журналист Алишер Соиповнинг оиласи унинг ўлдирилиши бўйича терговни охиригача етказишни талаб қилди. Бу ҳақда 24.kg хабар берди.

Бу ҳақда (яна бир бор) 24 октябрь куни Бишкекда марҳум журналист хотирасига бағишланган тадбирда айтилди.

«Яқинда иш яна тўхтатилди. Биз жиноятга буюртма берганларни топмоқчимиз. Унинг [Алишер Соипов] ўлдирилишига сиёсий баҳо берилсин. Бизга бошқа ҳеч нарса керак эмас»,дейди журналистнинг укаси Шоҳрух Соипов

Алишернинг яқинлари ўз чиқишларида қотиллик содир этилганидан кейин ўтган 15 йил давомида на ҳуқуқ-тартибот идоралари, на Қирғизистон раҳбарияти томонидан терговга қизиқиш кўрмаганини таъкидладилар.

Тадбирда ўлдирилган журналист ҳақидаги ҳужжатли фильм ва фотокўргазма намойиш этилди.

Тадбирда ҳозир бўлган акийкатчи (Қирғизистон омбудсмени) Атир Абдраҳматованинг маълум қилишича, Алишер Соиповнинг ўлдирилиши бўйича жиноий иш материалларини тақдим этиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга сўров юборилган. Ҳозирча жавоб олинмаган. Абдраҳматова «биз ўрта қатлам мансабдорларини алмаштирмагунимизча, бундай жиноятлар фош этилмайди», деб таъкидлади.

«Биз фақат президентни, депутатларни, вазирларни алмаштирамиз, лекин қоғозларни бир жойдан иккинчи жойга кўчириб ўтирганлар бор. Улар ўзгармас экан, ҳеч нарса ўзгармайди», — деди акийкатчи.

Алишер Соипов Фарғона водийсидаги ўткир муаммолар, 2005 йил май ойидаги Андижон воқеалари, терроризмга қарши кураш, минтақада тақиқланган исломий ташкилотлар ва ҳаракатлар ҳақида «Фарғона.Ру», «Америка Овози», «Азаттик», ВВC ахборот агентликлари билан ҳамкорлик қилган, умрининг сўнгги йилларида ўзбек тилида «Сиёсат» газетасини чиқарган. Унга нисбатан тез-тез таҳдидлар бўлган. Қирғизистондаги махсус хизматлар журналистни вақти-вақти билан «тушунтириш суҳбатлари»га таклиф қилишган ва Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида унга нисбатан тазйиқлар бошланган.

Алишер Соипов 2007 йил 24 октябрда отиб ўлдирилган, у эндигина 26 ёшда бўлган. Қотиллик содир этилган жойдан «ПМ» тўппончасининг 9 мм калибрли учта патрони ва Canon фотоаппарати олинган. 2007 йил 24 ноябрида Ўш ИИБ тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилган, бироқ 24 декабрда тергов тўхтатилган.

2009 йил 24 февралга ўтар кечаси Абдуфарид Расулов Боткен вилоятида қўлга олинади, унинг ёнидан 9 мм калибрли «ПМ» тўппончаси борлиги аниқланган. Орадан уч ой ўтиб унинг қуролларини текширган экспертлар фош этилмаган жиноятларнинг ўқ қутилари базасидан Соипов ўлдирилиши содир бўлган жойдан топилган гильзалар Расулов қуролидан отилганини аниқлайдилар.

2010 йилнинг баҳорида Ўш шаҳар суди Расуловни Соиповнинг қотиллигида айбдор деб топиб, 20 йилга озодликдан маҳрум қилган. Ноябрь ойида мамлакат Олий суди ҳукмни ўз кучида қолдирган.

2012 йили терговга қотиллик содир этилган куни Расулов қариндошлари билан дам олишда бўлганлиги акс этган видеокассета келиб тушгач, унинг иши қайта кўриб чиқилиб, тез орада қўйиб юборилган. Жиноят иши 2013 йил 6 декабрда тўхтатилган.

2019 йили Алишер Соиповнинг ўлдирилиши бўйича иш яна кўтарилиб, ўрганилган, шундан сўнг тергов қайта бошланган. 2022 йил сентябрь ойида Бош прокуратура журналистнинг ўлдирилиши бўйича иш «унинг ўлимида айбланаётганларни топиш ва шахсини аниқлашнинг имкони йўқлиги сабабли» тугатилганини эълон қилди.

Алишер Соипов номи Вашингтондаги журналистика музейида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган журналистлар хотирасига бағишланган ёдгорлик лавҳасидан жой олган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ