Қирғизистон Омбудсмен институти «Кампир-Обод иши» бўйича суд жараёнларида қонунбузарликлар юз берганини маълум қилди

КАМПИРОБОД СУВ ОМБОРИНИ ЎЗБЕКИСТОНГА ЎТКАЗИШ ТЎҒРИСИДАГИ ҚАРОРГА ҚАРШИ ВА ҲУКУМАТ МУХОЛИФЛАРИГА НИСБАТАН СИЁСИЙ РЕПРЕССИЯЛАРГА ЧЕК ҚЎЙИШГА ДОИР ТИНЧ МИТИНГ ИШТИРОКЧИЛАРИ. «ФАРҒОНА» ФОТОСУРАТИ

Қирғизистон Омбудсман институти (Ақикатчи) 24-25 октябрь кунлари Бишкекнинг Первомайский туман судида Кампир-Обод иши бўйича ҳибсга олинган фуқаролик фаоллари ва мухолифатчи сиёсатчиларга нисбатан профилактика чоралари кўрилган суд мажлисларида қонунбузарликлар юз бергани ҳақида маълум қилди.

Ҳибсга олинганлар тартибсизликларни уюштирганликда гумон қилинмоқда. Суд мажлислари соат 18:00 дан эрталабки соат 5:30 гача бўлиб ўтган, барча ҳолларда судлар фаолларнинг ҳибсга олиниши қонуний ва асосли эканлигини тан олган.

Омбудсмен институти мониторинги натижасида қуйидагилар аниқланган:

👉 ҳар бир ҳолатда гумонланувчининг ҳибсга олинишига доир тўлиқ маълумот олиш, жиноят иши қўзғатилишига доир қарор нусхасини олиш, қамоққа олиш тўғрисидаги қарор ва шахс ҳуқуқларини ёзма равишда тушунтириш нусхаларини олишга доир ҳуқуқлари бузилган. Адвокатларнинг сўзларига кўра, барча ҳибсга олинганлар жиноят иши қўзғатилишига доир қарор билан фақат суд мажлисида танишганлар. «Жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги қарор иш материалларида мавжуд бўлмай туриб, суд мажлисини ўтказиш мумкин эмас», — дея таъкидлайди Омбудсмен институти.

👉 қамоққа олишнинг қонунийлиги ва асослилиги тўғрисидаги материалларни кўриб чиқиш муддатлари, шунингдек, қамоққа олинган шахсга нисбатан эҳтиёт чорасини қўллаш тартиби бузилган;

👉 Адвокатларнинг мустақиллиги ва дахлсизлиги кафолатлари бузилган. Хусусан, икки ойга ҳибсга олинган сиёсатчилар Равшан Жеенбеков ва Азимбек Бекназаровлар адвокат вазифасини бажараётгани аниқланган.

«Суд мажлислари мониторинги натижаларига кўра, Омбудсман институти Конституция, халқаро ҳужжатлар, Жиноят-процессуал кодекси ва қонун ҳужжатлари билан кафолатланган инсоннинг асосий ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйилмаслигига эътибор қаратади», — дейилади Омбудсмен институти баёнотида.

Қирғизистон парламенти Жогорку Кенеши депутати Дастан Бекешев юқорида тилга олинган суд мажлисларини биринчи инстанция суди деб атади.

«Мен уларнинг (ушланганлар) барчасини сиёсий қарашларига хайрихоҳ эмасман, лекин мени ташвишга солаётгани шундаки, суд эрталабгача мажлис ўтказган. Катта ёшдаги аёлларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси танлаган... Масалан, Асия Сасиқбоева 71 ёшда, Гулнора Жўрабоева 63 ёшда. Ишончим комилки, қарор суд томонидан эмас, юқорида қабул қилинган ва судга туширилган. Бу мени жуда хавотирга солмоқда», — дейди Бекешев.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров «Кабар» агентлигига берган интервьюсида сиёсатчилар ва фаолларнинг оммавий ҳибсга олинишини изоҳлар экан, уларни Кампиробод сув омбори тақдири эмас, балки ҳукумат қизиқтираётганини айтади.

«Очиғини айтганда, уларни Кампиробод масаласи қизиқтирмайди. Улар учун бу шунчаки баҳона. Уларнинг кўпчилиги бу фонда мамлакатда нимадир содир бўлиши, кейин эса ҳокимиятга ёпишиб олиш мумкинлигига умид қилишмоқда,деб тушунтирди Жапаров.

25 октябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида «Кампир-Ободни ҳимоя қилиш қўмитаси» аъзоси Мамбетжунус Абилов қўмита аъзоларининг ҳокимиятни қўлга киритиш нияти йўқлигини айтди.

«Қўмитада ҳокимиятни эгаллаб олиш, тартибсизликлар уюштириш ва ҳоказо чақириқлар бўлмаган. Уларда Ўзган туманида ўтказилган қурултой якунлари бўйича қабул қилинган қарор муҳокама қилинди. Қурултой қарорига кўра, мен ҳимоя қўмитасини тузиш таклифини киритдим. Бекназаров умумий қурултой ўтказишни таклиф қилди. Яна бир таклиф бор эдипрезидентга ушбу масала бўйича мораторий жорий этиш ва музокараларни тўхтатиш тўғрисида мактуб ёзиш»,дея Абиловнинг сўзларидан иқтибос келтиради Азаттик (Россия Федерациясида хориж агенти деб тан олинган «Озодлик» радиосининг қирғиз хизмати).

Айни пайтда Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги 20 октябрь куни ҳибсга олинган 22 киши устидан жиноят иши қўзғатилгани, фаоллар ва сиёсатчиларни оммавий ҳибсга олиш ва тинтув ўтказишлар ҳеч қандай қонунбузарликсиз ўтказилгани, барча тергов ҳаракатлари қонун доирасида кўра олиб борилаётганини маълум қилди.

«Тергов ҳарактлари олиб борилди. Улар доирасида 23 октябрь куни 22 нафар фуқаронинг хонадонларида тинтув ўтказилди. Кеча уларнинг барчасига нисбатан айблов эълон қилинди, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш тарзи белгиланди, бир нафари соғлиғига кўра уй қамоғига озод қилинди. Барча ҳаракатларимизни прокуратура ва тергов судяси кузатиб бормоқда. Улар қонунбузарлик ҳолатларини аниқланмадилар», — дейди Ички ишлар вазири ўринбосари Эркебек Аширхўжаев парламентнинг Қонунчилик, ҳуқуқ-тартибот, жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси йиғилишида.

22 октябрь куни Бишкекда «Кампир-Ободни ҳимоя қилиш қўмитаси» ташкил этилди. Унинг аъзолари Кампиробод (Ўзбекистонда Андижон деб аталади) сув омборининг Ўзбекистонга берилишига қарши чиқишмоқда. 23 октябрь куни кўплаб қўмита аъзоларининг уйларида тинтувлар ўтказилган, 20 дан ортиқ киши ҳибсга олинган, уларнинг аксарияти икки ойга ҳибсга олинган ҳолда тергов изоляторига жўнатилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ