«Кампир-Ободни ҳимоя қилиш қўмитаси» Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни Қирғизистон билан чегарада жойлашган сув омбори бўйича келишув имзоланишини кечиктиришга чақирди.
«Биз, Кампир-Обод/Андижон сув омбори яқинидаги қишлоқлар аҳолиси манфаатларини ифода этувчи Қирғизистоннинг бир гуруҳ нуфузли жамоат ва сиёсат арбоблари ушбу стратегик, халқларимиз учун ҳаётий муҳим сув ресурслари атрофидаги муаммоли ва мунозарали масалалар ҳал этилгунга қадар президент Садир Жапаров билан келишувни имзолашни кечиктириш илтимоси билан Сизга мурожаат қиламиз», — дейилади мурожаатда.
Мурожаат муаллифлари икки давлат ўртасида тузилаётган келишувнинг бир қисми бўлган баъзи ҳужжатлар «Қирғизистон Республикасининг конституциявий нормалари, ўрнатилган қонунлари, сиёсий асослари ва демократик ютуқларини қўпол равишда бузиш билан ўтказиб юборилганини» таъкидлайдилар.
Хусусан, таъкидланишича, сув омборига эгалик масаласи Қирғизистон Жогорку Кенеши (парламенти)нинг Халқаро ишлар, мудофаа, хавфсизлик ва миграция қўмитаси томонидан бор-йўғи икки марта муҳокама қилинган. Шу билан бирга, муҳокама ёпиқ режимда ўтган, депутатларга масала юзасидан тўлиқ маълумот берилмаган.
«Фуқаролар ўз ерининг эгаси сифатида икки Президент ўртасида имзоланадиган ҳужжатлар эълон қилинишини талаб қилишга ҳақли, чунки гап икки давлатнинг узоқ муддатли манфаатлари ҳақида кетмоқда», — дейди мурожаат муаллифлари.
Улар Кампирободнинг Ўзбекистонга берилишига қарши чиққан фуқаролик жамияти вакиллари, сиёсатчилар, фаоллар ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг оммавий ҳибсга олинганини эслатганлар.
«Биз ҳокимиятнинг репрессив ҳаракатларига кескин норозилик билдирамиз ва келажакда янги можароларга йўл қўймаслик учун чегара масалаларини жамоатчилик билан муҳокама қилиш ва келишиб олиш керак, деб ҳисоблаймиз», -дейди «Кампир Ободни ҳимоя қилиш қўмитаси» аъзолари.
Улар Ўзбекистон ва Қирғизистон раҳбариятини «Кампир-Обод/Андижон сув омбори икки давлат ўртасидаги жанжал эмас, балки фаровонлик манбаи бўлиши учун уни биргаликда бошқариш масалалари ва оқибатларини ҳал қилишда янада эҳтиёткор ва мувозанатли ёндашишга чақирадилар.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 26 сентябрь куни Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукумат делегациялари чегара бўйича янги шартнома лойиҳасини келишиш тартибини бошлаш имконини берувчи баённомани имзолаган эди. Бироқ, ҳеч бир давлат расмийлари ҳужжат мазмунини эълон қилмаган.
10 октябрь куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раҳбари Қамчибек Ташиев мамлакатлар ўртасида имзоланган келишувга кўра Қирғизистон 19 699 гектар, Ўзбекистон эса Кампиробод сув омбори ҳудудидан 4 485 гектар ер олганини маълум қилди.
Сув омборини Ўзбекистонга бериш қарори қирғиз халқининг норозилигига сабаб бўлди. 22 октябрда Бишкекда «Кампир-Ободни ҳимоя қилиш қўмитаси» тузилди. Унинг таркибига фаоллар, сиёсатчилар ва парламент аъзолари кирди. Эртаси куни кўплаб қўмита аъзоларининг уйлари тинтув қилинди, 20 дан ортиқ киши ҳибсга олинди, уларнинг аксарияти икки ойга ҳибсга олинган ҳолда тергов изоляторига жўнатилди. Бир гуруҳ таниқли халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Қирғизистон ҳукуматини Кампир-Обод иши бўйича ҳибсга олинганларни зудлик билан озод қилишга чақирди.
31 октябрь куни Халқаро ишлар, мудофаа, хавфсизлик ва миграция қўмитаси ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган йиғилишда баҳсли сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш бўйича Қирғизистон-Ўзбекистон келишувини маъқуллади. Ҳужжат икки давлат томонидан Кампирободни бошқариш бўйича қўшма корхона ташкил этишни назарда тутади. Унда ҳар бир республикадан 12 киши қатнашади.