Россия Федерациясининг Украина билан чегарадош ҳудудларида таҳсил олаётган Ўзбекистон фуқароларининг ўқишини Ўзбекистондаги давлат ОТМларига истисно тариқасида кўчиришга рухсат берилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат тест маркази хабар берди.
Курск, Брянск, Белгород, Воронеж, Ростов вилоятлари ва Краснодар ўлкасидаги университетлар талабалари ўқишини кўчириш ҳуқуқига эга бўлишди.
Талабаларнинг ўқиши уларнинг аризаларига мувофиқ доимий яшаш манзили ҳудудида жойлашган ОТМнинг мос ва турдош таълим йўналишига кўчирилади. Аризалар 1 ноябрдан 20 ноябргача my.dtm.uz сайти орқали қабул қилинади. 2022 йилнинг 25 ноябрдан 15 декабрига қадар абитуриентлар ўзлари кўрсатган олий ўқув юртларида ҳақиқатан ҳам ўқиган-ўқимаганлигини Ташқи ишлар вазирлиги текширади.
Талаба Россия таълим муассасасида ўқиган ёки унга яқин бўлган йўналишга ўтказилади. Ўқишга кўчириш тўғрисидаги қарор олий ўқув юртларининг қайси идорага бўйсунишидан қатъий назар, Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан қабул қилинади.
Кўчирилган талабалар ўқишни Россия университетидаги курсидан давом эттиришлари мумкин. Уларга 2022/2023 ўқув йили давомида фанлар бўйича тафовутни бепул ёпишга рухсат берилади.
Октябрь ойи бошида Курск давлат тиббиёт университетининг бир гуруҳ талабалари Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистондаги тиббиёт олий ўқув юртларига ўқишга ўтишга рухсат беришини сўраб видеомурожаат қилгандилар. Улар Украинанинг Суми вилояти билан чегарадош Курск вилоятида қолиш хавфсиз эмаслигини тушунтиришган: снарядлар минтақага тушмоқда, «биздан 30 км узоқликда жойлашган Курск атом электр станциясига аллақачон уч марта ҳужум қилинган», — дейилади мурожаатда.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги видеомурожаатга муносабат билдирди.
«Россия Федерациясининг Курск вилоятидаги олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларнинг мурожаати муносабати билан Ўзбекистон Элчихонаси дипломатлари вазиятни ўрганиш ва мавжуд муаммоларни ҳал қилиш мақсадида Курск вилоятига жўнаб кетганини маълум қиламиз. Натижалар тўғрисида қўшимча хабар берамиз», — деб вада берганди ТИВ.