Бишкекда чегарани ноқонуний кесиб ўтган икки қозоғистонлик мухолифатчи ҳибсга олинди

kloop.kg сайти фотосурати

Икки қозоғистонлик фаол Диана Баймагамбетова ва Асхат Жексебаев Бишкекдаги СИЗО-1 (тергов изолятори)га жойлаштирилди. Бу ҳақда 24.kg ахборот агентлигига ҳуқуқ-тартибот идораларидаги ўз манбалари хабар берган.

Уларга кўра, бу қарор Қирғизистон пойтахтининг Октябрь туман суди томонидан қабул қилинган. Фаолларга Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг «Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш» моддаси бўйича айблов қўйилган.

Республика Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ушбу маълумотни тасдиқлаган. Хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, фаоллар қирғиз-ўзбек чегарасини кесиб ўтишга уринишган. Улар «Достук-автодорожний» назорат-ўтказиш пунктида қўлга олинган.

«Қозоғистон фуқаролари Ж.А.Э. ва Б.Д.Д қўлга олинди. Аниқланишича, қўлга олинган ҳар икки шахс 23 октябрь куни Қирғизистон-Қозоғистон давлат чегарасини «Қордай-автодорожний» назорат-ўтказиш пункти яқинидаги ўтиш жойи орқали расмий назорат-ўтказиш пунктларини четлаб, ноқонуний равишда кесиб ўтган. Дарҳақиқат, Қозоғистон Республикаси фуқароларига нисбатан судгача бўлган тергов ишлари бошланган. Тергов-тезкор тадбирлари олиб борилмоқда», — дейилади қўмита хабарида

Аввалроқ, Қозоғистоннинг Инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги халқаро бюроси Қирғизистонда фаол Дидар Каиров Баймагамбетова ва Жексебаев билан бирга ҳибсга олингани ҳақида хабар берганди. Бироқ, 24.kg АА хабар беришича, унга нисбатан эҳтиёт чораси танланмаган. Айрим маълумотларга кўра, Каиров ҳибсга олинмаган, дея қайд этади агентлик.

Қирғизистон пойтахтида фаоллар сиёсий бошпана сўраб Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига мурожаат қилишган. Келажакда улар қочқин мақомини олиш учун БМТ идорасига мурожаат қилишни ният қилишган. Бироқ, уларга нисбатан чегарани ноқонуний кесиб ўтгани учун жиноий иш очилган.

Vlast.kz эслатишича, Диана Баймагамбетова ва Асхат Жексебаев аввали Қозоғистон суди томонидан экстремист деб тан олинган «Қозоғистоннинг демократик танлови» ҳаракати ва «Коше партияси» фаолиятида иштирок этган 13 нафар фаоллардан бири бўлишган. Асхат Жексебаев беш йилга озодликдан маҳрум этилган, Диана Баймагамбетовага икки йил озодликни чеклаш жазоси берилган. 15 апрель куни суд Асхат Жексебаевнинг ўталмаган жазо муддатини озодликни чеклаш жазосига алмаштирган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ