«Озодлик» радиоси президенти Қирғизистон ҳукуматини қонунларни бузганликда гумон қилмоқда

ЖЕЙМИ ФЛАЙ. RFERL.ORG САЙТИ ФОТОСУРАТИ

«Озодлик» радиоси (РФда хорижий агент сифатида тан олинган) президенти Жейми Флай (Jamie Fly) Қирғизистон ҳукуматини «Азаттик»ка (ОРнинг қирғиз хизмати) нисбатан қонунларни бузганликда гумон қилди.

Қирғизистон расмийлари «Озодлик» сайтига киришни икки ойга тўсиб қўйганидан сўнг, ташкилотнинг аккаунтлари блокланган.

«Қирғизистон расмийларининг бундай кескин йўл тутиши Қирғизистон қонунчилигини бузишга ўхшайди. Биз журналистларимиз овозини ўчиришга бўлган бундай уринишларга қарши курашамиз», — дейди Флай.

Унинг қўшимча қилишича, «Озодлик» ишончли ахборот манбаидир ва унинг тўсиқсиз ишлашини таъминлаш зарур.

Қирғизистон Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги қарори билан 26 октябрь куни «Озодлик»га кириш блоклаб қўйилганди. Бунга сабаб «Настоящее время» (РФда хорижий агент сифатида тан олинган телеканалининг Бишкек шаҳрида жойлашган бўлими) кўрсатувида қирғиз-тожик чегарасидаги қуролли жанжалларга доир сюжетлар бўлган.

Маданият вазирлигининг таъкидлашича, ушбу сюжетда «нафрат сўзлари унсурлари, Қирғизистон томонининг Тожикистонга ҳужум қилгани ҳақидаги тасдиқланмаган маълумотлар, Боткендаги воқеаларни ёритишда жамиятдаги вазиятни кескинлаштирувчи ҳамда фуқаролар ўртасида нафрат, камситиш ва бўлинишни келтириб чиқарадиган маълумотлар мавжуд бўлган».

Ўшанда Жейми Флай «Озодлик» радиоси воқеликни ёритишда мувозанатли жиддий ёндашувга содиқлигини таъкидлаган.

«Биз ушбу материал мазмунини ўрганиб чиқдик ва бизнинг стандартларимизни бузмаганлигини аниқладик. Биз хоҳ Кремлдан, хоҳ Қирғизистон ҳукуматидан бўлсин, сайтларимиздаги мувозанатли материалларни олиб ташлаш босимига ён бнрмаймиз», — деди ОР президенти.

Флайнинг қўшимча қилишича, «журналистларга нисбатан таҳдидлар ва мустақил матбуот овозини ўчиришга бўлган уринишлар Қирғизистондаги демократияга путур етказадиган авторитар тактикадир».

31 октябрь куни «ДемирБанк» расмий огоҳлантиришларсиз ОР қирғиз хизмати ҳисоб рақамини блоклаб қўйган. «Азаттик» радиосининг блокировка сабаблари ҳақидаги сўровига жавобан банк Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ)га мурожаат қилишни тавсия қилган. МХДҚ эса кейинроқ жавоб беришга ваъда берган.