Россияда расмий ташриф билан бўлган Халқ Маслаҳати Миллий Кенгаши (Туркманистон парламенти юқори палатаси) раиси Гурбангули Бердимуҳамедов РФ Федерация Кенгаши йиғилишида нутқ сўзлаб, Туркманистонда рус маданияти, маънавий қадриятлари ва тили ҳурмат қилишинишини маълум қилди. Бу ҳақда «Хроника Туркменистана» нашри хабар берди.
Бердимуҳамедовнинг сўзларига кўра, «минтақавий ва глобал миқёсда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшаётган» Туркманистон-Россия парламент муносабатлари борасида хушомадгўй сўзлардан ташқари, Аркадаг Туркманистонда рус тили, адабиёти, рус халқининг маданий ва маънавий қадриятлари эъзозланишини таъкидлаган.
«Мамлакатда рус тилида ўқитиладиган ўнлаб мактаблар мавжуд. Пушкин номидаги туркман-рус мактаби мавжуд. Мамлакатимиздаги барча ўрта умумий таълим ва олий ўқув юртларида рус тили ўқитилади. Бугун биз Ашхободдаги Рус драма театрини лойиҳалаш ва қуриш устида ишлаяпмиз, Туркман-Россия университетини ташкил этиш масаласини муҳокама қилмоқдамиз», — деди Бердимуҳамедов минбардан.
«Хроника Туркменистана» нашрининг аниқлик киритишича, Туркманистонда фақат битта тўлиқ рус тилида ўқитиладиган мактаб мавжуд – у ҳам бўлса юқорида тилга олинган Пушкин номидаги туркман-рус мактабидир. Баъзи бошқа мактабларда рус тилида ўқитиладиган бир ёки иккита синф бор, бироқ хоҳловчилар кўплиги боис унга фақат пора эвазига кириш мумкин.
Шу йил октябрь ойи ўрталарида Остонадаги саммитда МДҲ давлат раҳбарлари рус тилини қўллаб-қувватлаш ва тарғиб қилиш бўйича халқаро ташкилот тузишга келишиб олдилар. Ташкилотнинг асосий вазифаси рус тили ва МДҲга аъзо давлатлар тилларининг яқин уйғунлигига асосланган маданий-гуманитар ҳамкорликни сақлаш ва мустаҳкамлашдан иборат бўлади.