Бишкекда ахборот порталининг икки ходими товламачиликда айбланиб қўлга олинди

Санрабия Сатибалдиева. Видеодан кадр

MIR24.kg ахборот портали раҳбари Санрабия Сатибалдиева ва веб-ресурс оператори Калис Аширбеков Бишкекда қўлга олинди. Улар шантаж ва товламачиликда гумон қилинмоқда, деб хабар қилади Қирғизистон ИИВ матбуот хизмати.

Вазирлик фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи маълумотларни тарқатиш таҳдиди остида Жогорку Кенеш (республика парламенти) депутатларидан 10 минг доллар ундирилгани юзасидан тергов олиб борилаётганини маълум қилди. Депутатларнинг исмлари ёки бош ҳарфлари кўрсатилмаган.

«Жорий йилнинг 3 ноябрь куни Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши депутатларидан 2016-2017 йилдаги аудиоёзувларни ижтимоий тармоқларда эълон қилиш шантажи билан тизимли равишда 2000 АҚШ доллари миқдорида пул ундирган бир қатор шахслар қўлга олинди. Асосий гумонланувчи Қирғизистон Республикаси фуқароси «С.С.К.» дир.

Хабарда, шунингдек, «Б.у.К.» ахборот портали оператори ҳамкорлик қилганликда гумон қилиниб, ҳибсга олингани ҳақида сўз боради. Айни пайтда бош ҳарфлари К.А. бўлган оператор қўлга олинган.

Қўлга олинганлар Бишкек ички ишлар бош бошқармасининг вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган.

«Аёл ҳомиладор бўлиб, ҳомиласидан айрилиб қолиш хавфига қарамай, вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилди, уйда эса унинг кичкина боласи қолиб кетган», — деб ёзади 24.kg нашри.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдирасулованинг сўзларига кўра, 4 ноябрь куни эрталаб Сотибалдиева касалхонага ётқизилган, бироқ «шифокорларнинг қаршилигига қарамай, ИИВ Бош тергов бошқармаси ва ИИВ Вақтинча ҳибс изолятори ходимлари аёлни мажбуран олиб кетишган».

Журналист аёлнинг ўзи уни «Тошиевлар оёқдан чалгани»ни айтади.

«Қизиқ, нега [депутат] Шайирбек Ташиев (Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиевнинг укаси) матбуот баёнотида кўрсатилмаган? Қамчибек Қидиршаевичнинг исми шу ерда бўлиши керак эди. Улар биргаликда мени «тузоққа туширишди». Энди эса ҳамма нарсани оёғини осмондан қилишяпти. Ташқарига чиқишим билан ҳаммасини айтиб бераман», — дея Сотибалдиеванинг сўзларини келтиради Кloop.

Ички ишлар вазирлиги ҳисоботида тилга олинган парламент депутати Тазабек Икромов журналистни ҳимоя қилган.

Kaktus.Media нашрига ёзган изоҳида у Сотибалдиева билан яқиндан таниш экани, аёлнинг ҳомиладорлиги ва кичкина фарзанди борлиги сабабли қўйиб юборилишига умид билдирган.

«Билишимча, бошқа бир журналист аёл ариза ёзиб, ундан ижтимоий тармоқдаги Шойирбек Ташиевнинг Кампиробод сув омбори ҳақидаги сўзлари асосидаги қандайдир материал ёки постни олиб ташлашни сўраган», — дейди Икромов.

Унинг сўзларига кўра, Сотибалдиева аввалроқ Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига сўроққа чақирилган ва у ерда ижтимоий тармоқлардаги баёнотлари учун уни қўрқитишга ҳаракат қилишган.

«Ҳибснинг ўзи ҳам жуда ғалати. Курьер ролини Ўзбекистон фуқароси бўлган такси ҳайдовчиси бажарган. Мен аёлнинг ҳибсга олинишини «оёдан чалиш» деб биламан», дейди — Икромов.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ